8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Бош қомусимиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди Д.Якубова иштирок этди. Тадбир Давлат мадҳияси садолари остида бошланди.
Мазкур давра суҳбатида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари онлайн қатнашишди ҳамда Конституциямиз ва мадҳиямиз тўғрисида кўплаб муҳим маълумотларга эга бўлишди. Жумладан, конституциямиз яратилиш тарихи, қабул қилинишигача бўлган жараён, киритилган қўшимча ва ўзгартишлар ҳақида сўз юритилди.
Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати