Жорий йил давомида қанча профилактик тадбирлар ўтказилди?

 

Жорий йилнинг 10 ойи давомида инспекция ходимлари томонидан фаолияти темир йўл транспорти билан боғлиқ бўлган 190 та корхонада текширишлар ўтказилган бўлиб, назорат тадбирларида 10770 та камчиликлар аниқланган. Текширишлар давомида, темир йўлларда ташишлар ташкилий-техник чора-тадбирлари, поездлар ҳаракати хавфсизлигини тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги, ходимларнинг сифат таркиби масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Назорат тадбирлари билан биргаликда профилактик тадбирлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Ҳисобот даврида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда вазирлик ва идораларнинг темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 4553 та профилактик тадбирлар ўтказилди. Тадбирларда фаолияти темир йўлларда ташишлар жараёни билан боғлиқ бўлган 25973 нафар ходим иштирок этди. Ўтказилган профилактика ишлари натижасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда вазирликлар ва идоралар йўлларида темирйўл, ҳаракатдаги таркиб, электр таъминоти, сигнализация ва алоқа қурилмалари ва бошқа техник воситаларидан фойдаланиш ва уларни сақлашда белгиланган меъёрлардан чекланишлар ва турли носозликлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни олдини олиш бўйича тавсиялар берилди. Иштирокчиларга темир йўл транспорт соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатлар мазмун-моҳияти тушунтирилди ва амалиётда қўллаш бўйича тушунтиришлар берилди.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларидаги тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлари ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юқори тезликдаги Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларида жорий йилнинг 10 ойи давомида 2386 нафар ходим иштирокидаги 653 та семинар-йиғилиш ва профилактика тадбирлари амалга оширилди ҳамда йўл қўйилиши мумкин бўлган эҳтимолий камчилик ва нуқсонлар олди олинди.

Автомашина ҳайдовчилари айби билан темир йўл кесишмаларида юз бераётган ҳаракатдаги таркибнинг автотранспорт воситаси билан тўқнашувлари поездлар ва автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигига ҳақиқий хавф туғдирмоқда. 2021 йилнинг 10 ойи давомида темир йўл кесишмаларида поездлар ва  автомашиналарнинг тўқнашувлари бўйича 35 та ҳолатга йўл қўйилган. Тўқнашувлар натижасида 2021 йил 4 нафар киши ҳалок бўлган.

Шу ўринда темир йўл атрофида яшовчи аҳолидан ва барча ҳайдовчилардан темир йўл кесишмаларидан ўтаётганда шошмашошарликка берилмай, қоидаларга риоя этган ҳолда белгиланган жойлардан ўтишларини сўраб қоламиз.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати