Ёшлар мутахассислар учун кенг имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ёш мутахассисларни танлаш ва ишга тақсимлаш Дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Мазкур Дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2022-йил 4-август куни ўтказилган йиғилишнинг “Давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сон баёни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ушбу Дастур вазирликнинг барча идоравий мансуб ташкилотлари, жумладан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида ҳам ижрога қабул қилиниб амалиётга татбиқ этилди. Инспекция бошлиғининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган Дастур Умумий қоидалар, Битирув курс талабаларининг битирув олди амалиёт (стажировка) ўташ тартиби, Ёш мутахассисларни танлаш, ишга тақсимлаш тартиби, Давлат хизматига ишга қабул қилиш ва Якуний қоидалар каби 5 та бобдан ташкил топган.

Университет битирувчиларини саралаб олиш ва ишга тақсимлаш жараёни қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

I босқич. Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Университет битирувчилари ўртасида учрашувлар ташкил этиш;

II босқич. Университет томонидан битирувчининг илмий салоҳияти, билими ва маънавий фазилатларини акс эттирувчи портфолио тайёрлаш;

III босқич. Битирувчиларни саралаш, ишга тақсимлаш ва йўлланма бериш.

Битирувчиларнинг транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар фаолияти ҳақида тасаввурини янада бойитиш, уларни соҳада олиб борилаётган
ижтимоий-иқтисодий, техник-технологик ислоҳотлар билан таништириш ҳамда битирувчи ёшларни ишга жалб қилиш мақсадида иш берувчилар ва Университет талабалари ўртасида учрашувлар ташкил этилади.

Иш берувчилар ва талабалар ўртасида учрашувлар Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан тасдиқланган режа-графикка мувофиқ ҳар йили март-апрел ойларида ташкил этилади.

Битирувчиларни саралаш, ишга тақсимлаш ва йўлланма бериш ошкоралик, холислик ва бетарафлик тамойиллари асосида амалга оширилади. Битирувчи портфолиоси асосида энг салоҳиятли ва билимли битирувчилар таълим йўналишлари (мутахассисликлар) кесимида саралаб олинади. Битирувчиларини ишга тақсимлаш Транспорт вазири томонидан тасдиқланган “Ишга тақсимлаш комиссияси” томонидан олиб борилади.

Барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган Университет битирувчилари мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотларга ишга тақсимланади. Ишга тақсимлаш натижасига кўра, иш берувчилар томонидан танлаб олинган битирувчиларга комиссия томонидан намунавий ишга жойлашиш йўлланмаси тақдим этилади. Бунда, битирувчига тақдим этилган йўлланма унга йўлланмада кўрсатилган ташкилотга бир марталик ишга жойлашиш ҳуқуқини беради ва бир йилгача бўлган муддатда ўз кучини сақлаб қолади. Йўлланма берилган ташкилотда ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилса, ушбу ташкилотга битирувчилар йўлланма асосида танловсиз қабул қилинади (давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган ташкилотлар бундан мустасно).

Дастур билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишиб олишингиз мумкин.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати