“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари қадим Бухорода
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида инспекция ходимларини Бухоро шаҳрига саёҳати ташкил этилди. Марказий аппарат ва филиаллар ходимларидан ташкил топган жамоа кўҳна шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб қайтишди.
Сафар азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилишдан бошланди. Инспекция ходимлари Бухоро заминидаги етти буюк авлиё – пирлар Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобо Саммосий, Амир Кулол ва Баҳовуддин Нақшбандни зиёрат қилиш баробарида уларнинг тарихи, асарлари ва Ислом оламидаги тутган мавқелари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишди.
Қадимий шаҳарлардан Самарқандда бўлганман аммо, Бухорога биринчи келишим, - дейди инспекция ходими М.Искандарова. Шаҳарда ўтмиш ва бугуннинг уйғунлигини, боғлиқлигини кўриш мумкин. Масжиду - мадрасалар, осмонўпар миноралар сизни олис тарихга олиб бориб қўйгандек, назаримда. Энг асосийси Бухородаги етти пирни зиёрат қилиш, уларнинг маданий меросларидан хабардор бўлиш бахтига сазовор бўлдик. Шу ўринда мазкур саёҳатни ташкил этган касаба уюшма қўмитасига ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан.
Инспекция ходимлари саёҳат давомида Лаби ҳовуз мажмуаси, Масжиди Калон, Минорайи Калон каби тарихий обидалар, Мир Араб, Кўкалдош, Нодир Девонбеги мадрасалари, “Тоқи Саррофон”, “Тоқи Телпакфурушон”, “Тоқи Заргарон” - савдо марказлари ва Бухоро амирларининг қишги саройи бўлмиш – Арк қўрғонида бўлиб олам-олам таассуротларга эга бўлишди.
Кўтаринки кайфиятда ўтган ушбу саёҳат ходимларнинг иш самарадорлигини янада ошишига хизмат қилиши тайин.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати