“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Ахборот хизмати бошлиғининг баёноти
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритувчи корхона ва ташкилотлари томонидан темир йўл транспорти соҳасидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган қоида ва нормаларга риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириб келади.
Инспекция инспекторлари томонидан текширишларда ва профилактик тадбирларда амалга оширилаётган ишларда очиқлик, шаффофлик ҳамда қонунийликни таъминлаш мақсадида инспекция фаолияти юзасидан 10 ойлик сарҳисобни эълон қилади.
2020 йилнинг ўн ойи давомида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги 337-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомда белгиланган асосий вазифаларга мувофиқ амалга оширди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштирувчи ваколатли органни хабардор этиш тартибида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича режа-жадвалга асосан, 2020 йилнинг ўн ойи давомида жами 67 та корхона ва ташкилотларда текширув ўтказилган. Текширув давомида хавфли юкларни ортиш-туширишни амалга ошириш, темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар, поездлар ҳаракати хавфсизлигини тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги, ходимларнинг сифат таркиби масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Текширишлар натижасида жами 5060 та камчиликлар аниқланди.
Темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилиш бўйича ҳисобот даври давомида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси марказий аппарати ва ҳудудий филиаллари томонидан темир йўлларда ташишлар хавфсизлиги соҳасига оид норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан назорат профилактика тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда вазирлик ва идораларнинг темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 3069 та профилактик тадбирлар ўтказилди. Тадбирларда фаолияти темир йўлларда ташиш жараёни билан боғлиқ бўлган 16279 нафар ходим иштирок этди. Ўтказилган профилактика ишлари натижасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда вазирликлар ва идоралар йўлларида темирйўл, ҳаракатдаги таркиб, электр таъминоти, сигнализация ва алоқа қурилмалари ва бошқа техник воситаларидан фойдаланиш ва уларни сақлашда белгиланган меъёрлардан чекланишлар ва турли носозликлар туфайли юзага келган қатор камчиликлар аниқланди ва бартараф этиш юзасидан керакли тавсиялар берилди.
Аниқланган камчиликлар бўйича корхона раҳбарларига баённомалар берилди ва тушунтириш ишлари ўтказилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларидаги тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлари ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юқори тезликдаги Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларида 2020 йилнинг ўн ойи давомида 2121 нафар ходим иштирокидаги 667 та семинар-йиғилиш ва профилактика тадбирлари амалга оширилди.
Автомашина ҳайдовчилари айби билан темир йўл кесишмаларида юз бераётган ҳаракатдаги таркибнинг автотранспорт воситаси билан тўқнашувлари поездлар ва автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигига ҳақиқий хавф туғдирмоқда.
Инсон омили билан боғлиқ бўлган ҳолатларни камайтириш, темир йўл кесишмаларида ҳайдовчилар ва фуқароларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида, барчани бирдек қоидаларга амал қилишга ва юз берган кўнгилсиз ҳолатлардан тўғри хулоса чиқаришга ундовчи мақола ва хабарлар ОАВда мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ортда қолган 10 ойи давомида 11 маротаба телевидение ва радиода, 30 та турли газеталарда, 46 та веб-сайтларда, шунингдек, ижтимоий тармоқларда чиқишлар эълон қилинган.
Фирдавс Хайриддинов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг
матбуот котиби-ахборот сиёсати масалалари
бўйича маслаҳатчиси