Ҳуқуқий билимлар муcтаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси Адлия вазирлиги билан ҳамкорлилда инспекция ходимларининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, унга мувофиқ мунтазам равишда ўқув семинарлар ташкил этилади. Навбатдаги тадбир Бош қомусимиз ва темир йўл соҳасига доир қатор норматив ҳужжатлар муҳокамасига бағишланди.  Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда инспекция марказий аппарати ва Тошкент филиали ходимлари иштирок этишди.

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26 йиллигига бағишлаб 2018 йил 7 декабрда ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш, жумладан  ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаш,  қонунчиликдаги янгиликлардан батафсил хабардор этиш мақсадида ўтказилган семинар қизиқарли ва шу билан бирга баҳс-мунозаралар остида кечди.  

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бош маслаҳатчиси Ғайбулло Примов Бош қомусимизнинг яратилиш тарихидан бошлаб то шу кунгача босиб ўтилган давр борасида батафсил тўхталиб ўтди. Шундан сўнг инспекция ходимлари маърузачига ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди ва аниқ, таҳлилий жавобларга эга бўлишди.

Инспекциямизда ходимлар ҳуқуқий билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилади, - дейди Г.Жалолова. Ҳар ҳафта мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорлари бўйича батафсил тушунтиришлар берилиши йўлга қўйилган. Бу бизнинг иш фаолиятимизда жуда қўл келади. Адлия вазирлиги билан ҳамкорликдаги бугунги тадбирда  ҳам ўзимиз учун кўплаб керакли маълумотларга эга бўлганимизни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ва уни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаси, шунингдек мазкур иллатга ошно бўлганларнинг аччиқ қисмати тўғрисида фикр алмашилди.

Семинар якунда бу каби тадбирлар мунтазам ташкил этилиши келишиб олинди.

 

Фирдавс Хайриддинов

 “Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекцияси

 Ахборот хизмати бошлиғи