Урганчда тадбиркорлар учун семинар ташкил этилди

 Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Оролбўйи филиалида шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ўқув семинари ўтказилди. Урганч вокзалида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар ўзларининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаб олишди.  

Дастлаб, инспекциясининг асосий вазифаларидан бўлмиш темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълум қилинди. Ўтган ва жорий йилнинг ортда қолган 3 ойи давомидаги кўрсаткичлар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди.

Транспорт ва темир йўл соҳасидаги қонун ҳужжатларидаги қўшимча ва ўзгаришлар, уларнинг амалиётда қўлланиши тўғрисида батафсил ахборот берилди. Ҳар бир ҳужжат мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди. Шунингдек, давлат тилида янги таҳрирда ишлаб чиқилган қарор ва техник регламентлар лойиҳалари ва унда кўзда тутилган янгиликлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.  

Тадбиркорлик субъектлари вакилларининг фаолиятлари янада ривожланиши учун коррупцияга қарши биргаликда курашиш орқали мазкур иллатни бартараф этиш мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шу мақсадда Транспорт вазирлиги ва инспекцияда жорий этилган коррупцияга қарши курашиш “комплаенс-назорат” тизими жорий этилгани ва мазкур тизим ҳақида тушунтириш берилди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.  

Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати