Темир йўлларда қоидаларга амал қилинг!

Темир йўлларда юкларни ташиш, фуқароларга хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда, темир йўл кесишмаси автотранспорт воситалари ва пиёдалар ўтиши жойлари  қулай бўлиши, доимо  ишчи ҳолатда сақланиши лозим.  Бу борадаги ишлар “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг қолган филиаллари қатори  Қашқадарё филиали ходимлари томонидан ҳам мунтазам назорат қилиб борилмокда.

Филиал ходимлари томонидан жорий йилнинг октябрь  ойида темир йўлларда ҳаракат хавфсизликни таьминлаш мақсадида   682 нафар фуқаролар иштирокида 103 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси билан биргаликда  16 та маҳалла ва 13 та таьлим масканларида жами 790 нафар аҳоли  ўртасида  ҳаракатланаётган поездга тош отмаслик, темир йўл тўсиқларини синдирмаслик, атроф муҳитни ифлослантирмаслик, темир йўл ҳудудидан ўтаётган пайтда уяли алоқа воситасидан қатъиян фойдаланмаслик, ҳудудда чорва молларини боқмаслик каби қоидалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунга қарамай, темир йўл атрофига чиқиндиларни ташлаб кетиш, темир йўл излари устига тош қўйиш каби нохуш ҳолатлар ҳамон учраб тyрибди. Соҳа ривожига катта эътибор берилаётган бир вақтда бундай салбий ҳолатлар кишининг таъбини бузмасдан қолмайди. Бинобарин, темир йўл ҳудуди атрофида содир этиладиган ҳар қандай қоидабузарлик кун келиб аянчли ҳодисага сабаб бўлиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик керак.

О.Қурбоназаров
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Қашқадарё филиали бошлиғи