Темир йўлларда ҳаракатланишда хавфсизликка эътиборли бўлайлик

Катта ҳажмдаги юкларни ташиш, фуқароларга хавфсиз ва сифатли транспорт хизмати кўрсатишда темир йўллар муҳим аҳамиятга эга. Таъкидлаш жоиз, мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз темир йўл тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди.

Бунинг натижасини биргина Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган даврда вилоятда кўплаб янги темир йўл линиялари ишга туширилди.  Хусусан, "аср қурилиши" дея ном олган "Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон" темир йўлининг барпо этилиши шуларга мисол. Ҳозирда “Ўздавтемирйўлназорат” инпекцияси Қашқадарё филиали инспекторлари томонидан мунтазам равишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Бу эса йўловчилар ва юкларнинг темир йўлларимизда ишончли, сифатли етказилишини таъминлайди. Шу мақсадда 2018 йил давомида филиал бошлиғи ва ходимлари  томонидан  873 маротаба профлактик тадбирлар ўтказилди. Унда жами 240 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этишди.

Шу билан бирга  “Ўздавтемийўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиали инспекторлари томонидан темир йўл кесишмаларида рўй бериши мумкин бўлган тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан биргаликда  5та таълим муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилди. Темир йўл атрофида яшовчи аҳоли томонидан Қарши-Самарқанд йўналишида чорва моллари қаровсиз ҳолда қолдирилиши, ёш болалар томонидан поездлар ғилдираги остига турли буюмлар қўйилиши, вагонларга тош улоқтириш ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ўтказилди. Аммо, темир йўл атрофида чиқиндиларни ташлаб кетиш, темир йўл излари устига тош кўйиш ва вагонларга тош улоқтириш ҳоллари ҳамон учраб турибди. Темир йўл соҳаси ривожига кат­та эътибор берилаётган бир пайтда бундай салбий ҳолатлар кишининг таъбини бузмасдан қолмайди.

Хусусан те­мир йўл ҳудудидаги маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари то­монидан аҳоли ўртасида тушунти­риш ишларини кучайтириш, уларни катъий интизомга чақириш фойдадан холи бўлмайди. Бинобарин, темир йўл атрофида содир этиладиган ҳар қандай қоидабузарлик кун келиб аянчли ҳодисага сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак..

 

Олим Қурбоназаров

“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси

Қашқадарё филиали бошлиғи