Темир йўлдан ўтаётганда эҳтиёт бўлинг!

Темир йўлдан ўтаётганда эҳтиёт бўлинг!

 

       Афсуски, баъзи ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини унутиб, чорраҳа- ларда ҳам тезликни ошириб ўтадилар. Гап темир йўл кесишмалари ҳақида бормоқда.           
       Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўл линиясида “Дарбанд темир йўл масофа” корхонаси ҳудудига қарашли Оқработ-Бойсун-Қудуқли йўналиши бўйича 39 та темир йўл кесишмаси мавжуд. Уларнинг ҳаммаси автомобиль йўллари билан туташган. Булардан 6 таси қўриқланадиган темир йўл кесишмасидир. Ана шу кесишмаларда ҳар ойда турли хил  қоидабузарликлар содир этилмокда.

Поезд яқинлашаётганлигини билдирувчи чироқлар ёниб турганига қарамай, баъзи ҳайдовчилар “тезроқ ўтиб олай” қабилида автомобиль (техника)ларини тўхтатмай, тез­ликни оширишади. Масалан, жорий йилнинг 20 январида Шўрчи-Денов бекатлари оралиғидаги йўл кесишмасида Шўрчи тумани “Қўштегирмон” МФЙда яшовчи фуқаро Т.Азизов бошқарувидаги автомашина йўловчи поезднинг ҳаракатига хавф солган. Бу ҳолатдан поезддаги фуқаролар ва ҳайдовчининг ўзига зиён етиши мумкин эди. 21 январда Қумқўрғон-Оқжар бекатлари оралиғидаги қўриқланмайдиган темир йўл кесиш­масида С.Баниев томонидан худди шундай қоидабузарлик содир этилган. Бундан ташқари, баъзи ҳайдовчилар қўриқланадиган темир йўл кесишмаларида шлагбаумлар туширилганда ҳам поезд ўтишини кутмай, автотранспортларини ҳайдаб кетиш ҳолати рўй бермоқда. Афсуски, шошқалоқ ҳайдовчиларнинг бу хилдаги хатти-ҳаракатлари бахтсиз ҳодиса билан тугаши, тузатиб бўлмайдиган талофат келтириши ҳеч гап эмас.

“Дарбанд темир йўл масофа” корхонаси томонидан қоидабузар ҳайдовчиларга чора кўриш юзасидан вилоят ЙҲХБга мунтазам маълумотлар юборилмокда. Йўл ҳара­кати хавфсизлиги ҳодимлари “шошқалоқ” ҳайдовчиларга нисбатан чоралар кўраяпти. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тасодифларга тўла йўлларда ҳушёрлик ҳар доим зарур.

 

Қашқадарё филиали бошлиғи

О.Курбаназаров