Темир йўл кесишмаларида ҳушёрликни оширинг!
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Оролбўйи филиали ва Қўнғирот минтақавий темир йўл узели томонидан йўл кесишмаларидаги кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида жойларда қатор тадбирлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аммо шунга қарамасдан темир йўл кесишмаларида ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳоллари учраб турибди.
Маълумки, темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмалари ҳайдовчилардан ҳушёрликни оширишлари лозим. Кесишмаларда ҳаракатланиш ташиш жараёнининг қатнашчиларидан айниқса сергаклик ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларидан фойдаланиш бўйича йўриқнома ҳамда йўл ҳаракати қоидалари талабларига қатъий риоя этишни талаб этади.
2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли темир йўл кесишмаларида 8 маротаба поездлар билан автомашиналарнинг тўқнашувлари содир бўлган. Мазкур ҳолатлар таҳлил қилинганда, тўқнашувларга асосан автотранспорт ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидалари талабларини қўпол равишда бузиб, ҳаракатни тақиқловчи кўрсаткичларга амал қилмай, темир йўл кесишмаларидан кесиб ўтишлари сабаб бўлган.
Ушбу йўл транспорт ҳодисалари туфайли минтақавий темир йўл узели катта зарар кўрди. Ҳайдовчилар ва автомобиль салонида бўлган фуқароларнинг эса ҳаёти ва соғлиғи жиддий хавф остида қолиб, аксарият ҳолатда аянчли якунланган.
Қўриқланадиган темир йўл кесишмаларида йўл транспорт ҳодисалари содир бўлмасада, автомашина ҳайдовчилари томонидан қўпол равишда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ҳайдовчиларнинг бепарволиги ва қоидаларга риоя қилмаслиги катта фалокатларга етаклаши барчага аён. Уларнинг олдини олиш аввало ўзимизга боғлиқлигини унутмаслигимиз лозим.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати