Текширишларни электрон рўйхатдан ўтказиш ягона тизими яратилди
Текширишларни электрон рўйхатдан ўтказиш
ягона тизими яратилди
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича олиб борилган текширишлар, мониторинг ва қабул қилинган чора-тадбирларга оид керакли маълумотларни назорат қилувчи органлар томонидан доимий равишда киритилиб боришини таъминлайдиган ахборот тизими яратилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур тизимни назорат қилиб борувчи махсус ваколатли орган сифатида белгиланди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил22 январдаги ПФ-5308-сонли «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» ҳамда 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида яратилган.
Бундан кўзланган асосий мақсад назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни, мониторинг ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида зарур ахборотларни доимий равишда жорий этишни кўзда тутувчи махсус электрон ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат бўлиб, бу орқали текширишларни самарали назорат қилиш ва зарур маълумотларни тўплаш, унинг сифати жиҳатидан таҳлили ва назорат органлари фаолиятининг текширишлар бўйича баҳоланишини таъминлашдир.
Ягона тизим ҳар томонлама қулайлиги билан аҳамиятлидир. Назорат органи томонидан текшириш ўтказиш учун сўров (ариза) бериш жараёнини автоматлаштириш, текшириш ўтказишга буюртма тайёрлаш, махсус ваколатли органнинг (Бош прокуратура ва унинг ҳудудий бошқармалари) қабул қилинган қарорига биноан қўшимча ҳужжатлар билан таништириш имконини беради.
Ахборот хизмати бошлиғи
Хайриддинов Ф.Н.