Сайлов қонунчилигида қандай ўзгаришлар бор?

         Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида миллий сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларнинг моҳиятига бағишланган ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Унда инспекция марказий аппарати, Тошкент филиали ходимлари, Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси масъул ходими Илҳом Юсупов ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

              Маълумки Марказий сайлов комиссияси томонидан    2019 йил 11 октябрь куни “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Унга мувофиқ, жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябрига қадар мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ўтказиш белгиланган.

        “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида ҳам юқори даражада ўтказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда инспекция ходимлари ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаб олишга муваффақ бўлишди.  Семинарда 2019 йилнинг 25 июнидан амалиётга жорий этилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси мазмун моҳияти, миллий сайлов қонунчилигимиздаги сўнгги ўзгаришлар, сайловлар орқали фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки ҳақида сўз юритилди. 

         Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тизимида, жумладан “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида 2019 йил октябрь ойи – Ҳуқуқий маданият ойлиги деб эълон қилингани муносабати билан ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида йиғилганларга қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар,  норматив ҳужжатлар мазмун-моҳияти борасида батафсил тушунтиришлар бериб ўтилди.

Шунингдек, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ва унга мувофиқ 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар, мазкур иллатни олдини олишда фуқароларнинг муҳим ўрни борасида тўхталиб ўтилди. 

Бу каби ҳуқуқий тарғибот тадбирлар инспекциянинг ҳудудий филиалларида давом эттирилади.

Фирдавс Хайриддинов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг
 матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари
 бўйича маслаҳатчиси