Қоидаларга риоя қилайлик

 

          Юк ва йўловчиларни темир йўл транспортида манзилларига талофотсиз ва ўз вақтида етказиб бориш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш темир йўл транспорти ходимларининг маъсулиятли ва шарафли вазифасидир.

     Бугунги кунда “Тошкент – Самарқанд”, “Тошкент - Бухоро”, “Тошкент-Карши-Шахрисабз” темир йўл участкаларида  юқори тезликда ҳаракатланувчи, “Афросиёб” тезюрар электропоездларининг қатнови йўлга қўйилганлиги барчага маълум. Ушбу поездлар нафақат фуқороларимизни,  балки чет элдан ташриф буюрган сайёҳларни ҳам узоғини яқин қилмоқда. Бу ҳолат ўз навбатида мамлакатимизга ташриф буюрган мехмонларга юқори сервис хизматларини таклиф этиш билан биргаликда, юртимиз инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам замин яратмоқда. Табиийки бу жараёнда “темир карвонлари”нинг соз ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

         Темир йўл кесишмалари автотранспорт воситалари ва пиёдалар ўтишлари учун хавфсиз ва қулай бўлиши, доимо ишчи ҳолатда сақланиши лозим. “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг Тошкент  филиали ҳудудидаги юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларнинг участкаларида, темирйўл станцияларида ва ўзининг темир йўл шахобчаларига эга бўлган корхоналарда, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг ортда қолган 5 ойи давомида 170 дан ортиқ семинарлар ва профилактик ишлар  ўтказилди. Тадбирларда 1450  нафардан ортиқ ходимлар иштирок этишди. Ўтказилган профилактик ишларда 1017 та камчиликлар аниқланди, бу камчиликлардан 332 таси ҳаракат хавфсизлигига хавф солувчи камчилик бўлиб, уларнинг 92% бартараф этилди ва темир йўлда ҳаракатланадиган юк ҳамда йўловчи  поездларининг ҳаракатланиш хавфсизлиги янада мустахкамланди. Қолган камчиликларнинг ҳам бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Транспортдаги Ички ишлар идоралари ходимлари, вилоят ва туманлар ички ишлари ходимлари билан  биргаликда    юқори тезликдаги темир йўл линияси атрофида яшовчи аҳоли пунктларида, ўқув муассасаларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда темир йўл инфратузилмаси моддий ресурсларини сақлаш, ҳавфсизлик талаблари мавзусида суҳбатлар, тушунтириш ишлари  мунтазам ташкил этиб келинмоқда.   

Аммо шунга қарамасдан, поездларга тош отиш, темир изларга турли буюмларни қўйиш ёки белгиланмаган жойлардан қоидага хилоф равишда темир йўлни кесиб ўтиш, белгиланмаган ҳудудда чорва молларини боқиш каби ҳолатлар учраб турибди.

Ўзбекистон  Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги   Қонуннининг     21–моддасида “темир йўл бекатлари, вокзаллар ва темир йўлнинг ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа бўлинмалари ҳудудлари, поездлар ҳаракати амалга ошириладиган ҳамда манёвр ва юк ортиш, юк тушириш ишлари бажариладиган йўловчилар платформалари ва темир йўл тармоқлари ўта хавфли зоналар ҳисобланади ва зарурат бўлганда атрофи ўраб қўйилади” деб кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 121-моддасида “локомотивлар, вагонлар, дарё ва ҳаво кемалари, худди шунингдек ҳамма турдаги махсус транспортларнинг ойналари ва ички жиҳозларига шикаст етказиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деб кўрсатиб  ўтилган.

Ҳар қандай қоидабузарликка жазо муқарар. Жавобгар бўлмаслик учун эса, қоидаларга риоя қилиш, қолганларга ҳам буни тушунтириш ва ўрнак бўлиш талаб этилади. Оддий қоидаларга амал қилиш асносида ўзингиз ва яқинларингизни турли кўнгилсиз ҳолатлардан сақлаб қолишингиз мумкинлигини асло унутманг.

                            

 “Ўзтемирйўлназорат”  инспекцияси
Ахборот хизмати