Қоидабузарларга жавобгарлик жиддий!

 Мамлакатимиз темир йўл инфратузилмасини такомиллаштириш жараёнида хавфсизлик тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамасдан, айрим жойларда девор ва панжара тўсиқларни бузган ҳолда ўзбошимчалик билан ўтиш йўллари очиш, темир йўл изларига ҳал хил ашёлар қўйиш, чиқиндилар ташлаш, темир йўл атрофидаги муҳофаза ерларини ўзлаштириш, чорва молларини боқиш, поездларга тош отиш, сигнализация ва алоқа воситаларига шикаст етказиш каби салбий ҳолатлар учрамоқда. Бу эса поездларнинг ҳаракатига жиддий хавф туғдирмоқда.

         Таъкидлаш жоизки, темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини бузиш, транспорт воситаларига шикаст етказиш ва бошқа қонунбузарликлар содир этиш Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига асосан жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига кўра, темир йўл транспортида содир этилган юқоридаги каби ҳуқуқбузарликлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача, 47-моддасига кўра ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келиши энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваригача жаримага тортилиши белгиланган.

         Шунингдек, темир йўл транспорти воситалари, алоқа йўллари, улардаги иншоот ва сигнализация қурилмалари, алоқа ва бошқа транспорт ускуналарини қасддан бузиш, уларга шикаст етказиш ёхуд улардан бошқа усулда фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтириш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказишга сабаб бўлса, қонунбузарликлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноий жавобгарликка  тортилади.

М.Мухаммедов

“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси

Бухоро филиали инспектори