ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг 2020 йил давомида амалга оширилган ишлари юзасидан ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди
Миллий матбуот марказида ташкил этилган тадбирда “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг ўзига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида ва темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритадиган юридик шахсларнинг шохобча йўлларида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратини амалга ошириш юзасидан инспекция томонидан 2020 йил давомида ваколатли органни хабардор этиш тартибидаги жами 89 та текширувлар ўтказилган.
Ўтказилган текширувларда инспекция томонидан аниқлаган камчиликлар сони 7878 тани, шу жумладан тақиқловчи чоралар сони 3020 тани ташкил этди. Ташкилотларга йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун 83 та кўрсатмалар киритилган.
2020 йил давомида 3869 та профилактик чора-тадбирлари ўтказилган бўлиб, уларда 20556 нафар темир йўл транспорти ходимлари иштирок этди. Профилактик тадбирларнинг 784 таси юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ўтказилган. Мазкур тадбирларда семинар машғулотлари, норматив ҳужжатларни амалиётда қўллаш, ҳаракат хавфсизлиги бузилиши мумкин бўлган эҳтимолий хавфни олдиндан олдини олиш бўйича тавсиялар берилган.
Инспекция томонидан қозонхона объектлари, кўтариш иншоотлари ва ўлчаш тизимларини сақлаш, улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича ўтказилган профилактик чора-тадбирлар сони 62 тани ташкил этиб, уларда 689 нафар ходимлар иштирок этган. Йил давомида 182 та қозонхона объектлари, кўтариш иншоотларини техник кўрик ва синовларида иштирок этилган бўлиб, уларда 137 та кран, 11 та лифт, 3 та эскалатор, 7 та қозон ва 24 та босим остидаги сиғимлар техник кўрик ва синовдан ўтказилди.
Юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, назорат қилиш бўйича Идоралараро комиссиянинг 6 та йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл состави хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг мақсади - инсон ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахслар, давлатнинг мол-мулкини ҳимоялаш, атроф муҳит, жониворлар ва ўсимликлар ҳаёти ёки соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек харидорлар ва истеъмолчиларни (фойдаланувчиларни) унинг вазифаси ва хавфсизлигига нисбатан адашишига олиб келувчи ҳаракатлардан огоҳлантириш мақсадида, ҳаракатдаги темир йўл состави ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигига лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилишда қўйиладиган ягона мажбурий талабларни белгилашдан иборат.
Умумий техник регламентда мажбурий талабларнинг белгиланиши ҳаракатдаги темир йўл составининг хавфсизлик даражаси ва сифати ошишига ижобий таъсир кўрсатади, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиради. Шунингдек, Божхона Иттифоқи аъзо давлатларининг темир йўл транспорти соҳасидаги хавфсизликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги талабларни белгилаш бўйича ёндашувларга яқинлаштиради, мувофиқликни мажбурий тасдиқлашга сарфланадиган сарф-харажатларни камайтириш, иқтисодий ва инвестиция муҳитини яхшилаш, қулай инновацион муҳитни яратишга кўмаклашади.
Тадбир давомида инспекцияда коррупцияга қарши курашиш очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича “комплаенс назорат” тизими жорий этилгани, расмий сайт орқали аноним хабар қолдириш имконияти, ишонч телефони фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати