Мурожаатлар бўйича таҳлилий ахборот

“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси тизимида мурожаатлар билан ишлаш борасида
2018 йил январ-октябрь ойларида амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий
АХБОРОТ

 

“Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясига 2018 йилнинг январ-октябрь ойлари давомида жами 17 та мурожаат келиб тушган. Барча мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ўрганиб чиқилиб, ўз муддатида қаноатлантирилган ёки идоравий мансублиги бўйича бошқа ташкилотга йўлланган. 

 Жумладан, 2018 йил 5 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири вертуал қабулхонаси орқали инспекцияга Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Унгут МФЙ фуқароларидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тассарруфидаги Тошкент минтақавий темир йўл узели ҳудудида жойлашган Тошкент-Ангрен темир йўл участкасининг 73 километридаги темир йўлни хавфли бурилиши деб таърифланган ва ўша жойдаги темир йўл ёнидаги маҳалла аҳолисига хавф солаётганлиги юзасидан мурожаат келиб тушган. Мавжуд муаммони атрофлича ўрганиш ва аниқ хулосага келиш мақсадида инспекция Тошкент филиали ва Тошкент минтақавий темир йўл узели раҳбарларидан тузилган комиссия мурожаат келиб тушган жойга чиқиб масалани ўрганиб чиққан. Ўрганиш давомида маҳалла фаоллари билан суҳбат уюштирилиб, муаммо чуқур таҳлил қилинган. Якунда, Тошкент – Ангрен темир йўл участкасининг 73 километридаги бурилиш Ўзбекистон Республикаси темир йўлларидан фойдаланиш қоидалари, жорий меъёрий ҳужжатлар талабларига мос эканлиги борасида хулоса қилиниб, фуқароларни ўйлантириб турган муаммо (юқори хавфнинг мавжудлиги борасидаги шубҳа) асл ҳолати борасида аниқлик киритилган.   

2018 йил 9 июл куни инспекция расмий веб-сайти орқали Тошкент темир йўл муҳандислари институти талабасидан магистрлик диссертациясида фойдаланиши учун Ўзбекистон Республикаси темир йўл кесишмаларида ҳайдовчилар томонидан содир этиладиган транспорт воситаларининг ҳаракатланувчи таркиб билан тўқнашувлари бўйича олиб бориладиган хизмат текширувлари тўғрисидаги Йўриқнома тақдим этилиши сўралган. Мурожаатчининг электрон адресига йўриқнома йўлланган ва бу ҳақда хат орқали ёзма маълум қилинган.

2018 йил 7 апрел куни инспекция расмий веб-сайти орқали мурожаатчидан 1985-1990 йилларда ишлаб чиқарилган вагонлар сотиб олиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ундан фойдланиш қоидалари, хизмат кўрсатиш муддати ва уни узайтириш имкониятлари тўғрисда норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тўлиқ маълумот бериш сўралган. Мурожаатчига сўралган маълумот тақдим этилган.

2018 йил 27 март санасида pm.gov.uz электрон тарзда чипта харид қилиш жараёнидаги камчиликлар тўғрисида шикоят хати келиб тушган. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясининг асосий вазифаси этиб Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш хавфсизлигини таъминланиши устидан давлат назоратини амалга ошириш белгиланган. Шунга мувофиқ мурожаатда кўрсатилган масалани ҳал қилиш инспекция ваколатига кирмаслиги боис идоравий мансублиги бўйича “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамиятига юборилган ва бу ҳақда мурожаатчига ёзма маълум қилинган.

Таҳлиллар шуни кўрсатяптики “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясига келиб тушган аксарият мурожаатлар инспекция ваколатига кирмайди. Шу боис аҳолини, жойлардаги шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорларни, темир йўл билан фаолияти бевосита боғлиқ бўлган фуқароларни инспекция фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, инспекция интерактив хизматлари билан таништириш мақсадида республиканинг аксарият вилоят ва шаҳаларида учрашувлар ҳамда қабуллар ташкил этилди.

Сирдарё, Жиззах, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Андижон, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва пойтахтда ташкил этилган бу каби тадбирларда йиғилганларга кўплаб керакли маълумотлар тақдим этилди, улар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга, оғзаки мурожаатларига аниқ жавоб олишди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 апрелдаги  278-сонли  “Маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ лицензия бериш тартиби, аризаларни тўғри тўлдириш қоидалари, лицензия муддатлари ва бериш шартлари борасида батафсил маълумот берилди. Инспекция бошлиғига бевосита мурожаат қилиш турлари (ёзма, оғзаки, расмий веб-сайт орқали), шахсий қабуллар, ишонч телефони тўғрисида ахборот берилди. Аксарият мурожжатлар жойида ижобий ҳал этилди.

 

Фирдавс Хайриддинов
“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати бошлиғи