Министерство юстиции организовало семинар по правовым вопросам
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини тайёрлаш: муаммо ва камчиликлар” мавзусидаги семинарда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғи ўринбосари – А.Абдурахманов, инспекция бошлиғининг матбуот котиби-ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – Ф.Хайриддинов ҳамда норматив-технологик бўлим Бош мутахассиси – Д.Мадаминовалар иштирок этишди. Вазирлик томонидан ташкил этилган тадбирда норма ижодкорлиги фаолияти соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммолар ечими ҳақида сўз борди.
Таъкидланишича, Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар норма ижодкорлиги фаолиятини фаоллашишига олиб келди. Масалан, 2018 йилда 2621 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Бу 2016 йилга нисбатан 151 фоизга кўпдир. Бироқ, мазкур йўналишда муаммолар ҳам мавжуд. Адлия вазирлигига киритилаётган лойиҳалар сифати талаб даражасида эмаслиги, 2018 йилда 725 та лойиҳа Регламент талабига риоя этилмасдан киритилганлиги айтиб ўтилди. Бу эса, юридик хизмат ходимлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш ишлари лозим даражада йўлга қўйилмаганлигидан далолат беради.
Семинарда адлия вазирлиги масъуллари томонидан норма ижодкорлиги соҳасида йўл қўйилаётган бошқа камчиликлар ҳақида ҳам маълумот берилиб, уларни баратараф этиш борасида тегишли тавсиялар берилди.
Тадбирда юридик хизмат ходимларини рағбатлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Адлия вазирлиги томонидан юридик хизмат ходимларига мартаба даражаларини бериш орқали уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017 йилда 480 нафар, 2018 йилда 920 ва 2019 йилнинг ҳозирги давригача 335 нафар юридик хизматлар ходимларига мартаба даражалари берилган. Бу эса, ўз навбатида, республика бўйича давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматдаги вакант ўринларнинг камайишига олиб келди. Юридик хизматлардаги вакант ўринлар сони 2016 йилда 28 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги пайтга келиб бу кўрсаткич сони 4 бараварга камайиб, республика бўйича ўртача 6 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан биргаликда юридик хизматлар ходимлари устидан келиб тушаётган шикоятлар салмоғи ошган. Айрим юридик хизмат ходимлари томонидан фуқароларни овора қилиш улар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолларига йўл қўйилмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даврида адлия органларига юридик хизмат ходимлари устидан 36 та шикоятлар келиб тушган. Бу каби салбий ҳолатлар ҳуқуқшунослар томонидан оддий касб этика қоидаларига риоя этилмаётганлигидан келиб чиқмоқда. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вазирлик томонидан “Юридик хизмат ходимларининг касб ва этика қоидалари” ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ҳужжат ўз навбатида ҳуқуқшуносларнинг масъулияти ва касбий самарадорлигини янада ошишига хизмат қилади.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати