Келажак учун барчамиз жавобгармиз!

“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида Экоҳаракат Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, Экопартия Тошкент шаҳар партия ташкилоти ҳамкорлигида “Келажак учун барчамиз жавобгармиз” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда йиғилиганларга партиянинг мақсад ва вазифалари борасида батафсил маълумот берилди.

Жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайлови бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. Бугунги кунда барча сиёсий партиялар қаторида сайловларда илк бора иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси  ҳам ўзининг тарғибот ташвиқот тадбирларини ўтказмоқда.

Мамлакатда атроф муҳитни ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишни ўз олдига асосий вазифалардан қилиб белгилаган Экологик партия фаоллари дастурий вазифалари борасида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Экологик партия ўзининг сафи тобора ортиб бораётган кўпминг сонли аъзолари билан биргаликда экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экологик ва санитария меъёрларига риоя этиш бўйича масъулиятни кучайтириш, мамлакатда “яшил иқтисодиёт”га ўтишга кўмаклашиш каби бир қанча муҳим масалаларни ижобий ҳал қилишга киришган.

Атроф муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг асосий вазифаси бўлишга эришиш барчамизнинг асосий мақсадимиз саналади, - дейди Тошкент шаҳар Экопартия ташкилоти раиси Л.Кабулжанова. Бу борада маълум ишлар қилинмоқда ва бу жараён сайловлардан сўнг янада кенг қулоч ёзади. Биз келажак авлодга тоза экологик шароитни тақдим этишимиз шарт. Бу борада ҳар биримиз масъуллигимизни чуқур ҳис қилишимиз лозим. Партиямизнинг асосий йўналиши ҳам шу мақсадларни ўзида ифода этади.

Тадбирда партия ташкилотига аъзолик ҳақида ҳам маълумот берилди. Пенсионерлар, талабаларга берилган имтиёзлар ва аъзо бўлиш талаблари бўйича тушунтиришлар берилди. Якунда Экопартияга ихтиёрий асосда аъзоликка ўтмоқчи бўлган инспекция ходимлари партия аъзолигига қабул қилинди.

 

Фирдавс Хайриддинов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг
 матбуот котиби-ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси