Йўл хўжалигида хавфсизлик талаблари тушунтирилди
“Ўзтемирйўлназорат” Оролбўйи ҳудудий филиали ходимлари профилактик тадбирлар орқали темир йўл соҳасида хавфсизликни таъминлаш, кўнгилсиз ҳолатларни олдини олишга эътибор қаратишмоқда. Жумладан, йўл хўжалиги бўйича жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш, йўл хўжалиги ишлари самарадорлигини ошириш, яъни бу борада хизмат муддати ўтган эски стрелка ўтказгичларни алмаштириш орқали амалга оширмоқдалар.
Йўл хўжалиги бўйича бош инспектор томонидан “Қўнғирот”, “Жаслиқ” ва “Урганч” йўл хўжалиги масофаси корхоналарига йўл қурилмаларига хизмат кўрсатиш ва сақлаш қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, кузатув жараёнлари давомида аниқланган камчиликларнинг бажарилиши бўйича тавсиялар берилди. Бундан ташқари йўл хўжалиги қурилмаларининг ўз вақтида режавий огоҳлантириш ишларини ўз вақтида ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда янги техника ва технологияларни кенг жорий этиш ҳамда йўл хўжалиги қурилмаларининг қоидаларини сифатли бажарилиши бўйича керакли кўрсатмалар берилди.
“Қўнғирот”, “Жаслиқ”, “Урганч” йўл хўжалиги масофаси бўйича 6 ой давомида 56 та профилактик ишлари ташкиллаштирилган бўлиб 318 та камчилик аниқланган. Бугунги кунда аксарият камчиликлар бартараф этилди. Шунингдек, профилактик ишлар давомида йўл хўжалиги масофасидаги 93 ҳолатда ПТЭ қоидаларининг талаби бузилиши сабаблари кўрсатиб ўтилган ҳолда, такрорланмаслиги учун керакли тавсиялар берилди.
“Қўнғирот” минтақавий темир йўл узелига қарашли “Қўнғирот”, “Жаслиқ” ва “Урганч” йўл хўжалиги таъминоти дистанцияларида ходимлар билан “Хавфсизлик куни” тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 2020 йил 7 ойи давомида йўл қўйилган ҳаракат хавфсизлиги нуқсонлари ва темир йўл кесишмаларида рўй берган турли ҳолатлар кўрсатиб ўтилди ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари батафсил тушунтирилди. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун амалга оширилиши зарур бўлган тадбирлар тушунтирилди.
Бугунги кунда инспекциянинг марказий аппарати ва барча филиалларида профилактик тадбирлар карантин талабларига риоя қилган ҳолда давом этмоқда.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати