Январь ойида 660 та профилактик тадбирлар амалга оширилди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси темир йўл транспорти соҳасидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган қоида ва нормаларга риоя этилиши, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ташкилотлари ва корхоналарида қозонхона объектлари ва кўтариш иншоотларидан хавфсиз фойдаланишнинг назоратини амалга оширади. Назорат тадбирлари билан биргаликда эҳтимолий хавфни олдини олиш, темирйўлчиларнинг билим ва малакаларини мустаҳкамлаш мақсадида профилактик тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Жорий йилнинг январь ойида жами 660 та профилактик тадбирлар ўтказилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йил билан таққослаганда 262 тага кўп. Айнан шундай тадбирлардан навбатдагиси инспекциянинг Кўтарма иншоотлар, буғ қозонлари ва идишларидан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Умар Ғозиев томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонасида ташкил этилди. Унда мазкур корхонанинг кўтарма иншоотлардан фойдаланувчи ва уларга техник хизмат кўрсатувчи ходимлари иштирок этишди.
Семинар машғулотида кўтарма иншоотларнинг тузилиши, уларни бехатар ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида тўхталиб ўтилди. Кўтарма кранлардан фойдаланишда бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида техника хавфсизлиги қоидаларига ва йўриқномаларида кўрсатилган кўрсатмаларга риоя этган ҳолда ишлатилиши тушунтирилди.
Цехларда юк кўтариш кранларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида техник соз ҳолати учун Масъул шахслар корхона раҳбари томонидан тайинланади. Масъул шахслар томонидан юк кўтариш кранларининг техник соз ҳолатини мунтазам равишда назорат олиб бориши белгиланган. Юк кўтариш кранларини таъмирлаш, тўлиқ техник синовдан ўтказиш йиллик режалари тузилиши, кран ости йўлларини, кранларда юкларни туширишда ва ортишда ишлатиладиган юк илгичларни созлигини масъул шахслар томонидан доимий назорат олиб борилиши юзасидан ишчи-ходимларга тушунтиришлар берилди.
Семинарнинг иштирокчилар учун қизиқарлилиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида видеоролик намойиш этилди. Юк кўтариш кранларини ҳаракатга келтиришда хизмат қилувчи узатма турлари, кран аравачасидаги механизмлар, электр қурилмалари хавфсизлик ускуналари, уларнинг ишлаш тартиби, тузилиши ва носозликлар келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш тушунтирилди. Тадбир давомида иштирокчилардан тушган саволларга асосли жавоблар берилди. Шунингдек, иш давомида дуч келиш мумкин бўлган кутилмаган вазиятларда қандай йўл тутиш лозимлиги бўйича керакли тавсиялар берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати