Ещё один эффективный семинар ...

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси марказий аппарати ва филиаллар ходимлари темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида текширишлар билан биргаликда профилактик тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. Мазкур тадбирларнинг аҳамияти шундаки, йўл қўйилиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар олди олинади ва бу борада нималарга эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилади.

            Жорий ой давомида инспекция ходимлари томонидан шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектларида 370 дан ортиқ семинарлар ўтказилди. Ташкил этилган семинарларда ҳар бир хўжалик бўйича алоҳида тўхталиб ўтилиб, батафсил тушунтиришлар берилди. Жумладан, Қўнғирот вагон депосида ўтказилган тадбир ҳам унинг иштирокчилари учун қизиқарли ва фойдали бўлди. Даставвал кўп такрорланаётган хатолар таҳлилига эътибор қаратилди. Хатоларга йўл қўймаслик борасида керакли тавсиялар берилди. Депо фаолиятида ишчи-хизматчилар қайси йўриқномаларга асосан ишни ташкил этиши лозимлиги борасида ҳам тушунтиришлар берилди.

            Семинарда темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар билан биргаликда иштирокчиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш мақсадида транспорт соҳасидаги ва бошқа қонун ҳужжатлари мазмун моҳияти билан ҳам батафсил таништириб ўтилди. Мамлакатимизда ва инспекцияда коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровдаги ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур иллатни бартараф этишда фуқароларнинг ҳам иштироки, фуқаролик позициясини намоён этиши ниҳоятда муҳимлиги билдирилди. Зеро, коррупцияга қарши кескин курашиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада такомиллаштиришга ҳам эришиш мумкинлиги мисоллар ёрдамида тушунтирилди.

Фирдавс Хайриддинов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
бошлиғининг матбуот котиби-ахборот
сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси