Бурчимизни унутмайлик!
“Ўзтемирйўлназорат” инпекцияси томонидан темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Хавфсизликни таъминлаш орқали юртдошларимизни ҳаёти ва соғлиғини сақлаш баробарида, мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини ҳам оширишга эришамиз. Шу боис бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилган бўлиб, профилактик тадбирлар билан янада мустаҳкамланяпти.
Инcпекциянинг Қашқадарё филиали томонидан ҳам жорий йилнинг апрель, май ва июнь ойларида темир йўлларда хавфсизликни таьминлаш мақсадида филиал бошлиғи ва ходимлари томонидан 118 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилди. 600 нафарга яқин фуқаролар иштирок этган тадбирларда хавфсизлик талаблари яна бир бор эслаб ўтилди ва уларга риоя қилмаслик қандай фожеаларга олиб келаётгани ҳаётий мисоллар ёрдамида таҳлил қилинди.
Жорий йилнинг июнь ойида “Ўзбекистон темир йўллари” аксиядорлик жамияти, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати бошқармаси билан ҳамкорликда 24 та маҳалла ва 9 та автотураргоҳларда ҳам маҳаллий аҳоли ўртасида поездларга тош отмаслик, темир йўл тўсиқларини синдирмаслик, атроф муҳитни ифлослантирмаслик, темир йўл ҳудудидан ўтаётган пайтда уяли алоқа воситасидан фойдаланмаслик, темир йўл релсларига тош қўймаслик, ҳудудда чорва молларини боқмаслик каби қоидалар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Хизмат вазифамиздан ҳамда фуқаролик бурчимиздан келиб чиқиб, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла ҳудудидан ўтувчи темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Олим Қурбоназаров
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Қашқадарё филиали бошлиғи