Бухородаги тадбирда қонунчилик ҳужжатлари мазмун моҳияти тушунтирилди.

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари Республикамизнинг турли вилоятларида шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва темир йўл транспорти вакиллари учун семинарлар ташкил этиб келишяпти. Бухоро минтақавий темир узелидаги учрашув ҳам қизғин ва очиқ мулоқот тарзида кечди. Унда дастлаб Транспорт соҳасидаги сўнгги қарорлар мазмун моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди, қарорлар моҳияти йиғилганларга тушунтирилди.

Шунингдек, инспекция томонидан 3 та техник регламент бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва ушбу техник регламентлар тасдиқлангач, кутилаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Лойиҳаларнинг мақсади - инсон ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахслар, давлатнинг мол-мулкини ҳимоялаш, атроф муҳит, жониворлар ва ўсимликлар ҳаёти ёки соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек харидорлар ва истеъмолчиларни (фойдаланувчиларни) унинг вазифаси ва хавфсизлигига нисбатан адашишига олиб келувчи ҳаракатлардан огоҳлантириш мақсадида, ҳаракатдаги темир йўл состави ва унинг таркибий қисмлари, темир йўл инфратузилмаси ва унинг таркибий қисмлари ҳамда элементлари хавфсизлигига лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилишда  қўйиладиган ягона мажбурий талабларни белгилашдан иборат.

         Семинарда “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг асосий вазифаларидан бўлмиш темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, галдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди. Ўтган ва жорий йилнинг ўтган 3 ойидаги кўрсаткичлар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда яна нималарга эътибор қаратиш лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

         Инспекцияда коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий этилган “комплаенс назорат” тизими ва мазкур тизим тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Ушбу тизимнинг самарали ишлаши умуман коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг ҳам бевосита иштироки лозимлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари ва ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати