Будем активны в обеспечении безопасности движения!

 

Юрт ободлиги, эл фаровонлиги, халқ хўжалиги ривожи ва тараққиётида темир йўлнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир.   Бу йўллар орқали минг-минглаб тонналаб саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари буюртмачи ҳамда истеъмолчиларга етказилади. Шу сабабли ҳам темир йўлларни иқтисодиётимизнинг “қон томирлари” деб аташади.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини бу борада фaоллигини ошириш мақсадида “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиали ва Термиз темир йўл масофа корхонаси томонидан ҳудуддаги ўнлаб мактаб, маҳалла, ташкилот, фермер, автотранспорт хўжаликларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кесишмалардаги қоидабузарликлар анча камайди. Мавриди келганда шуни ҳам айтиш керакки, охирги вақтда Термиз – Қумқўрғон, Термиз – Больдир йўналишида темир йўл яқинида яшайдиган аҳоли томонидан темир йўл атрофларида чорва молларини боқиш ва қаровсиз қолдириш ёки ёш болаларга ишониб ташлаб кетиш ҳолатлари учраб турибди. Бунинг оқибатида моллар темир йўлга чиқиб, поездлар ҳаракатини қийинлаштирмоқда. Боз устига ушбу жойларда айрим ёш болалар томонидан рельслар устига ҳар хил қаттиқ жисмларни қўйиб кетиш ҳоллари учраяпти.

Ваҳоланки, ҳозирги кунда Тошкент – Термиз йўналишида “Насаф” электропоезди соатига 100-120 километр тезликда шовқинсиз ҳаракатланмоқда. Аммо темир йўл атрофида яшовчи фуқароларимиз эътиборсизлиги ҳамон кузатиляпти. Бу эса ҳаракат хавфсизлигига хавф солиб, ёш болаларимиз ҳаётига раҳна солмоқда.

Энг ачинарлиси, темир йўлга яқин ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли темир йўллар атрофида чиқинди тўкиб, бир томондан манзарани бузаяпти ва атроф-муҳитга зиён етказишмоқда. Темир йўл ҳаммамизники. Ҳар биримиз темир йўл хизматидан фойдаланамиз. Бас, шундай экан, темир йўллар атрофини чиқиндихонага айлантирмаслик, тоза-озода сақланишига ҳисса қўшмоғимиз шарт. Бу орқали ҳаракат хавфсизлигини таъминлаб, ўз саломатлигимизни ҳам мустаҳкамлашга эришамиз.

 

“Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси

Ахборот хизмати