Ҳашар – элга ярашар!

 

Ҳар йили миллий байрамларимиздан бири бўлмиш Наврўз айёми арафасида республикамиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилиши ва унда ёшу-қари бирдек ўз ҳиссасини қўшиши яхши урфга айланган. Зеро, ҳашар қадриятларимиз, миллий анъаналаримизнинг ажралмас қисми саналади.       

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига мувофиқ мамлакатимизда “Наврўз” умумхалқ байрамини нишонлашга муносиб ҳозирлик кўриш мақсадида ташкил этилган умумхалқ ҳашари мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. Унда атроф муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш қатори қариялар, имконияти чекланган ва ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинади, уларга моддий ва маънавий кўмак берилади.

Ушбу эзгу тадбирларга давлат ва жамоат ташкилотлари, вазирлик ҳамда идоралар, корхона ва муассаса ходимлари ҳам ўзларининг муносиб улушларини қўшишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ва унинг ҳудудий филиалларида ҳам умумхалқ ҳашари катта хурсандчилик билан ташкил этилмоқда. Инспекциянинг барча ходимлари қатнашаётган тадбир чин Наврўз шукуҳида, баҳорий кайфиятида давом этмоқда.

Ходимлар зўр иштиёқ билан хона, йўлак ва ўзларига тегишли ҳудудларни тозалаб, барча жойни саранжом-саришта ҳолатга келтириш билан боғлиқ ишларни олиб боришмоқда. Зеро, куннинг асосий қисми ўтадиган хоналарни озода ва саранжом тутиш орқали юқори меҳнат самарадорлигига ҳам эришиш мумкинлиги айни ҳақиқат.

 

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати