Ҳашар – қадриятларимизнинг ажралмас қисми

Ҳашар – инсонларга меҳр-оқибат, қарияларга эҳтиром кўрсатиш каби миллий қадриятларимизни ва эзгу амалларни ўзида мужассам этган бебаҳо тарбиявий аҳамият касб этадиган хайрли тадбирдир. У ўзаро меҳр-оқибат ришталарини, ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлайди. Ҳар йили миллий байрамимиз бўлмиш Наврўз арафасида республикамиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилиши ва унда ёшу-қари бирдек ўз ҳиссасини қўшиши яхши урфга айланган.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, жорий йил 14-15 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Обод юрт“ умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари ўтказиладиган бўлди. Унда атроф муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш қатори қариялар, имконияти чекланган ва ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинади, уларга моддий ва маънавий кўмак берилади.

 Ушбу эзгу тадбирларга давлат ва жамоат ташкилотлари, вазирлик ҳамда идоралар, корхона ва муассаса ходимлари ҳам ўзларининг муносиб улушларини қўшишади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ва унинг ҳудудий филиалларида ҳам умумхалқ ҳашари катта хурсандчилик билан ташкил этилди.

 Инспекциянинг барча ходимлари зўр иштиёқ билан хона, йўлак ва ўзларига тегишли ҳудудларга янгича қиёфа бағш этишди. Зеро, куннинг асосий қисми ўтадиган хоналарни озода ва саранжом тутиш орқали юқори меҳнат самарадорлигига ҳам эришиш мумкинлиги айни ҳақиқат.

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати