Қашқадарё филиалида қатор семинарлар ташкил этилди

Катта ҳажмдаги юкларни ташиш, фуқароларга хавфсиз ва сифатли транспорт хизмати кўрсатишда темир йўллар муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.

Жумладан, темир йўл кесишмалари автотранспорт воситалари ва пиёдалар темир йўлдан ўтишлари учун хавфсиз ва қулай бўлиши, доимо ишчи ҳолатда сақланиши назоратда бўлиши лозим. Инспекциянинг Қашқадарё филиали ҳудудидаги станциялар ва ўзининг темир йўл шахобчаларига эга бўлган корхоналарда, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йил бошидан буён 10 дан ортиқ  семинарлар ўтказилди. Темирйўлчиларнинг билимларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларда 170 нафардан ортиқ ходимлар иштирок этишди. Шундан 7 та семинар ўзининг шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъекларида ўтказилган бўлиб, хўжаликлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бундай семинарларнинг ўтказишдан кўзланган асосий мақсад темир йўлларда ҳаракат хавфсизлиги бузилишини олдини олиш ва қоидаларга риоя қилинишига эришишдан иборатдир.

Февраль ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати бошқармаси билан биргаликда темир йўл атрофида истиқомат қилувчи 6 та маҳалла ва 5 та ўқув масканларида  аҳоли ўртасида темир йўл атрофида чорва молларини қаровсиз ҳолда қолдирилиши, ёш болалар томонидан поездлар ғилдираги остига тош ташланиши, вагон деразаларига турли буюмлар улоқтирилиши ҳолларига йўл қўймаслик борасида тyшунтириш ишлари ўтказилди. Темир йўл соҳаси ривожига катта эътибор берилаётган бир вақтда бундай салбий ҳолатларнинг учраб тургани киши таъбини бузмасдан қолмайди. Шунинг учун темир йўл ҳудуди атрофидаги маҳалалар оқсоқоллари, фаоллари ва мутасадди ташкилот ходимлари томонидан аҳоли ўртасида тyшунтириш ишларини кучайтирилиши, уларни қатъий тартиб - интизомга чақириш фойдадан холи бўлмас эди.

 

Олим Қурбоназаров

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси

Қашқадарё филиали бошлиғи