Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ҳар биримиз масъулмиз
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактик ишлар ва семинарлар мунтазам равишда олиб борилмоқда. 2020 йилнинг ортда қолган 10 ойи давомида “Қўқон” темир йўл узелидаги станция, корхона ва ташкилот муассасаларида 53 маротаба профилактик ишлар олиб борилди. Тадбирларда 278 нафар ишчи ходимлар иштирок этишди. Ушбу ишлар давомида 336 дона камчиликлар жумладан, 118 та нуқсонлар аниқланди. Аниқланган камчилик ва нуқсонлар станция, корхона ва ташкилот ишчи-ходимлари томонидан кўрсатилган муддатда тўла-тўкис бартараф этилди ва натижада ҳаракат хавфсизлигини бузилиши ҳолатлари камайишига эришилди.
Маълумки, темир йўллардаги кесишмалар ҳаракат хавфсизлиги учун хавфли ҳудуд ҳисобланади. Фарғона водийси ҳудудидан ўтадиган темир йўллар жойларда автотранспортлар ҳаракатланадиган маҳаллий ва магистраль йўллари билан кесишади. “Қўқон” минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси ҳудудида 146 та темир йўл кесишмаси мавжуд бўлиб, ундан 58 таси қўриқланадиган, 88 таси қўриқланмайдиган тоифаларга мансуб. Автотранспорт ҳайдовчиларининг темир йўл кесишмаларидан бамайлихотир ва эътиборсизлик билан ўтиши оқибатида Фарғона водийси темир йўл кесишмаларида 2020 йилнинг 10 ойи мобайнида 8 та кўнгилсиз воқеалар-тўқнашувлар содир бўлди. Бу ҳодисалар асосан баъзи бир ҳайдовчилар томонидан амалдаги қонун-қоидаларга амал қилмаслик ва шошма-шошарлик натижасида келиб чиқмоқда. Ачинарлиси, бу каби эътиборсизликлар одатда фожиали якун топади.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, қоидаларга тўла тўкис амал қилиш орқали энг аввало ўзимизнинг ҳаётимиз ва соғлиғимизни турли кўнгилсизликлардан сақлаб қолишимиз мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати