Ҳаракат хавфсизлиги доимий назоратда

 

Республика махсус комиссиясининг қарори билан маҳаллий йўналишларда йўловчи поездлар қатновига рухсат берилди. Бунда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади. Темир йўл транспорти ходимлари эса, мазкур қоидаларга амал қилган ҳолда йўловчиларни манзилларига етказишлари лозим. Бунда темирйўлчилар ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилишлари долзарб аҳамият касб этади.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг Фарғона филиали ходимлари бу борада тизимли ишларни амалга оширишмоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, филиал инспекторлари 2019 йилнинг 12 ойи давомида “Қўқон” темир йўл узели тасарруфидаги станция, корхона ва ташкилот муассасаларида 528 маротаба профилактик ишларини олиб боришди. Тадбирларда 2500 нафарга яқин ходимлар иштирок этишган. Ушбу ишлар давомида 2688 дона камчиликлар аниқланган. Барча камчилик ва нуқсонлар станция, корхона ва ташкилот ишчи-ходимлари томонидан кўрсатилган муддатда тўла-тўкис бартараф этилди.  Асосийси, темир йўл транспортида йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликлар олдиндан бартараф этилди ва бу орқали ҳаракат хавфсизлиги бузилиши олди олинди.

Жорий йилнинг ортда қолган 5 ойи давомида филиал ходимлари 218 маротаба профилактик тадбирлар ташкил этишди. Бунда шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг темир йўл орқали амалга оширадиган фаолиятлари бир текисда давом этиши ва хавфдан холи бўлиши учун керакли кўрсатмалар ва тавсиялар берилди. Инспекторлар ҳар бир хўжалик бўйича мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиб, норматив ҳужжатларнинг талаби ва  амалиётда қўлланиши бўйича тушунтириш беришди. Ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш баробарида, билим ва малакаларини мустаҳкамлаб олишди.

Бугунги кунда инспекторлар томонидан олиб борилаётган профилактик тадбирлар мамлакатимизда амалда бўлиб турган карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

      

Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати