Ҳар бир мурожаат алоҳида эътиборда!

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясига 2020 йилнинг январь-июль ойлари давомида жами 55 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 48 таси бевосита инспекцияга, 7 таси эса Виртуал қабулхона орқали келиб тушган. Барча мурожаатлар ўз вақтида ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилиб, ижроси таъминланган.

Жумладан, 2020 йил 15 май куни Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Ф.Рахматовдан темир йўл кесишмасига қанча узоқликда савдо объекти очиш мумкинлиги ва мазкур ҳолат қайси норматив ҳужжатга асосланишини сўраб мурожаат қилган. Мурожаатчига савдо объектини қўл билан ҳаракатланувчи захира шлагбаумдан кейин жойлаштириш мақсадга мувофиқлиги билдирилган. Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 31 июлда 460-сон билан рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон Республикасида темир йўлларини кесиб ўтиш жойларидан фойдаланиш бўйича йўриқнома”га мувофиқ хулоса берилганлиги тушунтирилди.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг асосий вазифаси Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминланиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган. Аммо жорий йилнинг дастлабки 7 ойдаги мурожаатларни таҳлили  инспекция ваколатига кирмайдиган мурожаатлар салмоғи ошганини кўрсатяпти. Мазкур мурожаатларнинг барчаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ўрганиб чиқилиб, идоравий мансублиги бўйича бошқа ташкилотга юборилган.  Аксарият мурожаатчиларга батафсил тушунтириш берилган.

Инспекциянинг марказий аппарати ва филиалларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, иш юритиш масалалари мунтазам мониторинг қилиб келинади. Мурожаатлар билан ишлашда камчиликка йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида ходимлар учун “онлайн” режимда Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ва ижро назорати бўлими бошлиғи К.Имсоилов томонидан керакли кўрсатмалар берилди.

Ҳисобот даврида мурожаатларни кўриб чиқишда жиддий камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмади ва масъул ходимларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилгани йўқ.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати