Ҳаётингизни хавф остига қолдирманг!

Темир йўллар мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи учун муҳим. Шунингдек, халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда темир йўлларнинг аҳамияти катта. Улар орқали ҳар йили ҳар хил турдаги юклар ўз манзилига етказилади. Қолаверса, янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши минтақалар иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, минерал ресурслар, нефть ва газ, рангли металлар, қурилиш материаллари ва қимматбаҳо фойдали қазилмаларни комплекс ташиш учун катта имкониятлар очмоқда. Ҳозирги вақтда Фарғона водийси бўйича юкларнинг 70 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг 75 фоизидан ортиғи темир йўл транспорти орқали ташилмоқда. Шундай экан темир йўл транспорти тизими ҳаётимизда қай даражада муҳим ўрин тутишини англаб етмоғимиз лозим.

         Пойтахтимиз Тошкент шахри билан Фарғона водийси вилоятларини, шаҳарларини, туманларини бир-бирига боғловчи янги замонавий электрлаштирилган “Ангрен-Поп” темир йўли ишга туширилди. Ҳар куни икки маротаба Андижон – Тошкент, сешанба куни Андижон-Термез, якшанба куни Андижон-Москва ва Андижон-Бухоро, пайшанба кунлари Андижон-Ургенч йўналиши бўйича  йўловчи поездлари ҳамда халқ хўжалиги юкларини ташиш учун юк поездлари қатнови йўлга қўйилган ва катта тезликда узлуксиз ҳаракат қилмоқда.  

Ҳозирги кунда Қўқон-Наманган-Андижон йўналиши бўйича янги темир йўлини тубдан таъмирлаш ва электрлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Қўқон-Наманган йўналиши бўйича электрлаштириш ишлари тугатилди. Наманган темир йўл вокзали янгидан замонавий кўринишга келтирилди.

         Темир излар айрим жойларда автотранспортлар юрадиган маҳаллий ва магистраль йўллари  билан кесишади. Фарғона водийсида яъни “Қўқон” минтақавий темир йўл узели ҳудудида 136 та темир йўл кесишмаси мавжуд бўлиб, ундан 58 таси қўриқланадиган, 78 таси қўриқланмайдиган тоифага киради. Қўриқланадиган темир йўл кесишмаларининг 6 тасига автомат тўсиқлар (УЗП) ўрнатилган.

Автотранспорт ҳайдовчилари темир йўл кесишмаларидан  эътиборсизлик билан ўтиши оқибатида Фарғона водийси темир йўл кесишмаларида 2019 йилнинг ортда қолган тўққиз ойи давомида 3 та кўнгилсиз воқеалар, тўқнашувлар содир бўлди. Бу ҳодисалар ва воқеалар баъзи бир ҳайдовчилар томонидан амалдаги қонун – қоидаларга амал қилмаслиги ва ҳайдовчилар ўртасида  йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бўйича етарли даражада тушунтириш ишларини олиб борилмаётганлиги оқибатида келиб чиқмоқда.

         Йўл транспорт коммуникациялари глобал тармоқлар орқали интеграциялашаётган, барча турдаги транспорт воситаларининг тезлиги ортиб бораётган даврда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.  Бу темир йўл транспорти фаолиятини самарали ташкил этиш учун ҳам энг муҳим омил ҳисобланади. Айтиш жоизки, ҳозирги кунда Фарғона водийси вилоятларида тоифаси юқори бўлган қўриқланувчи темир йўл кесишмаларидаги шлагбаумлар бошқаруви автоматлаштирилган. Бу эса ҳайдовчилар билан кесишма навбатчилари ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқармоқда. Яъни ҳайдовчи ёпиқ ҳолатдаги темир йўл кесишмаси олдида турар экан, кесишма навбатчисидан поезд ҳали узоқдалигини айтиб шлагбаумни очиб беришини талаб қилмоқда. Ваҳоланки, уларнинг бу эътирози умуман ўринсиз, кесишмадаги автошлагбаумни навбатчи очиб ёпмайди. Поезд ўз манзили томон ҳаракатни бошлашдан олдин бекат навбатчиси темир йўлни очиқ ҳолатга келтиради, бунда компьютер орқали огоҳлантирувчи ишоралар берилади. Темир йўл кесишмасида шу ишоралар берилгандан бошлаб йўриқномада кўрсатилган сония ўтгач, автошлагбаум автоматик тарзда  ёпиқ ҳолатга келади. Бу жараёнда навбатчи фақат кузатувчи вазифасини бажаради, яъни кесишма навбатчиси шлагбаум ёпилганини назорат  қилади.

Шу билан бирга қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларидан ўтишда ҳам алоҳида эҳтиёткорлик зарар қилмайди. Кесишмада огоҳлантирувчи қўнғироқ ва светофорнинг милтилловчи қизил чироғи поезд яқинлашаётганини англатади. Бундан ташқари тезюрар йўловчи поездларини қатнови йўлга қўйилганлиги сабабли “Қўқон” минтақавий темир йўл узели бошлиғининг бўйруғига асосан ҳар бир қўриқланмайдиган кесишмаларда навбатчилар бириктирилди ва қўшимча назорат кучайтирилди.

Шу ўринда, темир йўл атрофида яшовчи фуқароларимиз ва ҳайдовчилардан кесишмалардан ўтаётганда эътиборни кучайтириб, қоидаларга риоя этишлари энг аввало ўз ҳаётлари ва хавфсизликлари учун муҳимлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. 

           

 Мўйдин Юсупов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
  Фарғона филиали бошлиғи