Темир йўл кесишмаларидаги ҳолатлар муҳокама қилинди
Темир йўл кесишмалари хавфи юқори бўлган ҳудуд бўлиб, кесишмалардан ўтишда ҳайдовчилар ва йўловчилардан ҳушёрликни, қоидаларга қатъий амал қилишни талаб этади. Аммо аксарият ҳолларда ҳайдовчиларнинг шошма-шошарлиги, қоидаларга бефарқ муносабатда бўлиши инсонлар ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф солиб, оғир оқибатларга олиб келмоқда. Фожиаларнинг таҳлили деярли барча ҳолатларда ҳайдовчилар айби билан содир бўлганлигини кўрсатиб турибди.
Транспорт назорати инспекцияси раҳбарияти ташаббуси билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти, Тошкент давлат Транспорт университети ҳамда инспекция масъул ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда темир йўл кесишмаларида хавфсизликни таъминлаш, бахтсиз ҳолатларни олдини олишга қаратилган таклифлар илмий ёндашув билан таҳлил қилинди.
Темир йўл кесишмаларида ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимот тарзида очиб берилди. Шунингдек, сўнгги 5 йил ичида темир йўл кесишмаларида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг келиб чиқиш омиллари таҳлили қилинди. Йиғилиш иштирокчилари ўз таклиф ва мулаҳазалари билан ўртоқлашишди. Кесишмалардаги бахтсиз ҳодисаларни бартараф этиш юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни такомиллаштириш ва босқичма-босқич ҳаётда тадбиқ этиш борасида келишиб олинди.
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати