Идоралараро комиссиянинг навбатдаги сайёр йиғилиши
Сўнгги йилларда республикамизда темир йўл транспорти ва темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш, поездлар хавфсизлигини таъминлаш, темир йўл транспортдаги бошқарув тизимини яхшилашга йўналтирилган тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги 387-сонли қарор билан Юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, назорат қилиш бўйича Идоралараро комиссия ташкил қилинган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 27 сентябр куни “Тошкент-Самарқанд-Қарши” юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкасида Юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, назорат қилиш бўйича Идоралараро комиссиясининг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармони қабул қилинди, фармон билан Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспексияси ташкил этилди.
Йиғилишга раислик қилган Транспорт назорат инспексиясининг вакили А.Абдурахманов томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири томонидан тасдиқланган юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, шаҳарсозлик талабларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ижроси муҳокама қилинди. Идоралараро комиссияга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида юқори тезликдаги темир йўл участкаларида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги ҳолати таҳлил қилинди ҳамда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигига хавф солувчи қоидабузарликлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.
Шунингдек, юқори тезликдаги темир йўл участкаларида жамоат тартибини таъминлашни назорат қилиш чора-тадбирлари амалга оширилиши бўйича бажарилган ишлар ўрганилди. Шу билан бирга темир йўлга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, бино ва иншоотларни шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирлаш, тартибга келтириш, темир йўл бўйлаб дарахт кўчатларини экиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, темир йўл участкаларига яқин жойлашган аҳоли пунктлари, ўқув муассасалари ва ташкилотларда профилактика ва тушунтириш ишлари олиб борилиши ҳамда одамларнинг ҳаёти ва саломатлигини, темир йўл транспорти инфратузилмаси ва объектлари бутлигини сақлаш мақсадида хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёни ва натижалари оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилиши ўрганилди. Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Идоралараро комиссия аъзолари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тавсиялар берилди.
Транспорт назорати
инспексияси