Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 8-майдаги 387-сонли қарор билан ташкил қилинган Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартиби белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 26-июль куни “Тошкент-Самарқанд-Қарши” юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкасида Идоралараро комиссиянинг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишга раислик қилган “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғи ўринбосари А.Абдурахманов томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири томонидан тасдиқланган юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, шаҳарсозлик талабларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ижроси муҳокама қилинди.
Идоралараро комиссияга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида юқори тезликдаги темир йўл участкаларида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги ҳолати таҳлил қилинди ҳамда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигига хавф солувчи қоидабузарликлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.
Шунингдек, юқори тезликдаги темир йўл участкаларида жамоат тартибини таъминлашни назорат қилиш чора-тадбирлари амалга оширилиши бўйича бажарилган ишлар ўрганилди.
Шу билан бирга темир йўлга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, бино ва иншоотларни шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирлаш, тартибга келтириш, темир йўл бўйлаб дарахт кўчатларини экиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, темир йўл участкаларига яқин жойлашган аҳоли пунктлари, ўқув муассасалари ва ташкилотларда профилактика ва тушунтириш ишлари олиб борилиши ҳамда одамларнинг ҳаёти ва саломатлигини, темир йўл транспорти инфратузилмаси ва объектлари бутлигини сақлаш мақсадида хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёни ва натижалари оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилиши ўрганилди.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Идоралараро комиссия аъзолари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тавсиялар берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси