Диққат! Темир йўл кесишмаси

Сўнги йилларда “Ўзтемирйўлназорат” инспексияси ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ходимлари томонидан темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, юк ва йўловчи ташишларни хавфсиз амалга ошириш, айниқса, темир йўл ва автомобил йўллари кесишмаларида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилинишини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда жадаллик билан ривожланаётган соҳалардан бири бу темир йўл эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Темир излар турли шаҳар ва вилоятларни бир-бирига боғлаш орқали кўплаб соҳалар ривожига ва аҳолининг узоғини яқин қилишга замин яратмоқда. Темир йўллар аҳоли яшайдиган ҳудудда тез-тез автомобил йўллари билан кесишади.

Шу сабабдан мутахассислар томонидан поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида нафақат шаҳарларда, балки туманларда, чекка-чекка ҳудудлардаги темир йўл ва автомобил йўллари кесишган масканларда замонавий, сўнгги русумдаги автоматлаштирилган кўтарилувчи тўсиқлар, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи чироқлар ҳамда белгилар ўрнатилган. Бироқ шунга қарамай, айрим ҳайдовчилар томонидан кесишмаларда ҳаракат хавфсизлиги қўпол равишда бузилиши оқибатида темир йўл инфратузилмасига моддий зиён етмоқда.

Айрим ҳайдовчилар йўл кесишмаларидаги яқинлашиб келаётган поезд ҳақидаги огоҳлантириш белгиларини кўриб турса ҳам йўлни кесиб ўтмоқчи бўлишади. Оқибатлари эса барчага маълум. Бунинг оқибатида инсонлар тан жароҳати олиши, баъзан эрта ҳаётдан кўз юмишига олиб келмоқда ҳамда ҳар икки транспортларга ҳам маълум даражада моддий зарарлар кўрмоқда.

Маълумки, катта тезликда келаётган поезд фавқулодда тўхташи учун энг камида 800-1000 метр, юқори тезликда ҳаракатланувчи локомотивлар учун эса ундан ҳам кўпроқ масофа талаб этилади. Ушбу ҳолат кесишмаларда ҳайдовчилар ҳушёрликни янада орттириб, барча қоидаларга амал қилишлари лозимлигини талаб этади.

Йўл кесишмаларидаги тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспексияси Тошкент ҳудудий шўъбаси бош инспекторлари томонидан мунтазам равишда ўз темир йўлига эга саноат корхоналарида, хусусий автомобил эгалари орасида ҳамда темир йўл яқинида яшовчи автомобил транспорти бор аҳолилар ўртасида, мактаб ва маҳаллаларда, ҳайдовчилар тайёрлаш ўқув масканларида бу борада суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, Темир йўл кесишмаларида хавфсизлик борасида ҳар йили баҳорги ва кузги кўриклар Тошкент вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси ходимлари, Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХ ЙИНҚБ бўлим ходимлари ҳамда Темир йўл масъул ходимлар иштирокида амалга оширилиши йўлга қўйилган бўлиб, 2023-йилнинг баҳор мавсумида ҳам кўриклар ўз вақтида амалга оширилди ва масъул ходимларга керакли кўрсатмалар берилди.  Темир юл кесишмалари темир йўлдаги юқори хавфли ҳудуд. Буни барча ёдда тутиши керак.

“Ўзтемирйўлназорат” инспексияси
Тошкент ҳудудий шўъбаси