Чорак ва йил сарҳисоби
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан 2022 йилнинг IV чораги ҳамда йил давомида амалга оширилган ишлар, галдаги вазифалар тўғрисида ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Инспекция бошлиғи ўринбосари А.Абдурахманов раислигида ўтган мажлисда барча ҳудудий филиаллар ва марказий аппарат ходимлари иштирок этишди.
Ҳисобот даврида ўтказилган текширувларнинг таҳлилий материаллари шуни кўрсатадики, инспекция марказий аппарати ва минтақавий филиаллари ходимлари эксперт гуруҳи томонидан аввалги аниқланган камчиликларнинг аксарият қисмини бартараф этишга эришган. Аммо ҳужжатларни расмийлаштиришда ишларни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Ҳар бир филиал хўжаликлар бўйича амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан ахборот берди. Инспекция ишини янада яхшилаш ва такомиллаштириш бўйича керакли тавсиялар берилди ҳамда 2023 йилги режаларда мазкур тавиялар акс этиши лозимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг марказий аппарат ходимлари ҳисоботи тингланди. Инспекцияда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш бўйича қилинган ишлар ҳисоботи муҳокама қилинди. Унга кўра, 2022 йил давомида жами 156 та хабар ва мақолалар эълон қилинган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 20%га ошишга эришилди. Шундан 51 та газеталарда, 20 та телевидениеда, 7 та радиода ва 78 та веб-сайтда. Инспекция фаолияти 5 маротаба хорижий ОАВда ёритилди. Инспекция асосий фаолияти, ишлаб чиқарилаётган ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича жами 8 та брифинг ўтказилди.
Инспекцияда ишлаб чиқилган қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида барча филиалларда (Нукус, Навоий, Тошкент, Ғузор ва Наманган шаҳарларида) шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида семинарлар ташкил этилди. Ҳар ойда ўртача 2 маротаба инспекция марказий аппарати ва филиаллари ходимлари учун қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти юзасидан ўқув машғулотлари мунтазам ўтказиб борилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2022 йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ ходимларни коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий билими даражасини ошириш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлишини таъминлаш мақсадида ҳар чоракда 12 нафар бошқарув ходимини малакасини оширилгани билдирилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги бюрократик тўсиқларни, коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартириш мақсадида вакант лавозимларни эълон қилиш, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, ижро интизоми, ишлаб чиқарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ва бошқа масалаларда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб тегишли тавсиялар берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати