Профилактик тадбирларда 800 нафардан зиёд ходимлар иштирок этишди
Ҳозирги кунда юртимизда транспорт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда, айниқса темир йўллар атрофидаги замонавий инфратузилма, халқаро андозадаги сервис хизматлари, юртимизнинг кўркига-кўрк қўшиб турган темир йўл вокзаллари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу кенг кўламдаги бунёдкорликдан кўзланган асосий мақсад – йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш, халқаро талабларга мос сервис хизматларини кенгайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдир.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг Тошкент филиали томонидан олиб борилган профилактик ишлар ўз ижобий натижасини бермоқда. Яъни юқори тезликда ҳаракатланувчи участкаларида, темир йўл бекатларида ва ўзининг темир йўл шахобчаларига эга бўлган корхоналарда, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 3 чораги давомида 155 дан ортиқ профилактик ишлар, бундан ташқари семинарлар ўтказилди ва уларда жами 800 нафардан зиёд темир йўл соҳаси ходимлари қатнашди. Шу жумладан “Тошкент-Жиззах” юқори тезликда ҳаракатланувчи участкасида 35 та профилактик ишлари олиб борилди ва уларда жами 209 нафар ишчи ходимлар иштирок этди. Ўтказилган профилактик ишларда эҳтимолий хавфларни олди олиниши юзасидан тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилди ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий билими мустаҳкамланди.
Ўз навбатида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 3 чораги мобайнида инспекциянинг Тошкент филиали ҳудудига қарашли бўлган темир йўл транспортида йўл қўйилган нуқсон ҳолатлари ўтган йилга шу даврига нисбатан 56% миқдорида камайишига эришилди. Ўтган йилининг 3 чорагида 124 та ҳолат қайд қилинган бўлса 2022 йилнинг шу даврида 55 та ҳолатга йўл қўйилган.
Бундан ташқари “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Транспортдаги Ички ишлар идоралари ходимлари, вилоятлар ва туманлар ички ишлари ходимлари билан биргаликда юқори тезлик темир йўл линияси атрофида яшовчи аҳоли пунктларида, ўқув муассасаларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда темир йўл инфратузилмаси моддий ресурсларини сақлаш, хавфсизлик талабларига риоя қилиш юзасидан суҳбатлар, тушунтириш ва профилактика ишлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Нодир Валиев
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Тошкент филиали бошлиғи