Коррупцияга қарши барча курашиши лозим

“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида эълон қилинган коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасида қатор семинар, очиқ давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Жумладан, инспекция марказий аппаратида ўтказилган галдаги тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ойбек Абдуғаниев ҳамда инспекция ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб, инспекцияда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, “комплаенс назорат” тизими ва мазкур тизим тўғрисида батафсил маълумот берилди. Коррупцияга қарши курашиш сиёсати ҳамда ушбу иллатни олдини олишга қаратилган 10 дан ортиқ идоравий ҳужжатлар қабул қилингани ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасида Тошкент, Ғузор, Наманган шаҳарларида шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари билан  очиқ давра суҳбатлари ўтказилгани таъкидланди. Коррупцияни олдини олишда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш муҳим эканлиги ва бу борадаги ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.  Қабул қилинган ҳужжатларни амалиётда қўллаш, коррупцияген ҳолатлар гувоҳи бўлганда мурожаат қилиш тартиби ҳақида батафсил ахборот берилди.

Тадбирга таклиф этилган О.Абдуғаниев мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини билдириб, йил давомида соҳалар кесимида коррупцияген жиноятлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида батафсил ахборот берди. Шунингдек, коррупцияни барвақт олдини олишда аниқланган ҳолатларнинг оқибатлари билангина эмас, балки бунга олиб келаётган сабаблар билан кураш муҳимлиги таъкидланди. Манфаатлар тўқнашуви ва уни юзага келтираётган омиллар ҳақида тўхталиб, қонунчиликни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида йиғилганларга маълум қилинди. Шунингдек, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши ва бунинг нақадар муҳимлиги юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир савол-жавоблар ҳамда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар билан якунланди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати