Наманганда тадбиркорлик субъекти вакиллари иштирокида семинар ташкил этилди
2022 йил 28 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” 537-сон қарори ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмларини лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришда, шунингдек, темир йўл маҳсулоти мувофиқлигини баҳолашда мажбурийдир ҳамда умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ва идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларида қўлланилади. Расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач, яъни 2023 йил 29 мартдан амалга киритиладиган мазкур Техник регламентнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш тизимли амалга оширилмоқда.
Наманган вокзалидаги семинарда шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари вакилларига темир йўл ва назорат қилувчи органлар фаолиятига дахлдор қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Техник регламент амалга киритилгач, стандартлаштириш бўйича уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларга доир илгари қабул қилинган норматив ҳужжатлар мажбурийлик хусусиятини йўқотиши ва белгиланган тартибда қўлланилишида ихтиёрийлик касб этиши маълум қилинди. Ҳаракатланиш тезлиги 200 км/соатгача бўлган, йўл изининг кенглиги 1520 мм бўлган умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларида фойдаланиш учун топшириладиган четдан олиб келинадиган, янги ишлаб чиқариладиган, модернизация қилинадиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмлари Техник регламентни тартибга солиш объектлари ҳисобланади.
Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркибига ушбу Техник регламент билан белгиланган талабларга риоя қилиш бўйича давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, бошқа махсус ваколатли давлат органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.
Семинарда коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш мақсадида инспекцияда “комплаенс назорат” тизими жорий этилгани ва ушбу тизим самарали ишлашида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва кенг жамоатчиликнинг ҳам ўрни муҳимлиги таъкидланди. Инспекция раҳбариятига мурожаат қилиш шакллари (сайт, телеграм канал, ижтимоий тармоқлар, махсус алоқа боти, ишонч телефонлари) ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, назорат қилувчи органлар фаолиятини шаффофлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашмаслик мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-374-сон қарори ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Тадбир савол-жавоблар қисми билан якунига етди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати