Қашқадарёда ўқув семинари ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги “Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” 537-сон қарори мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган семинарлар давом этмоқда. Галдаги тадбир Ғузор туманида ташкил этилиб унда шахобча темир йўлига эга тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва уларнинг темир йўл соҳасида фаолият юритадиган ходимлари иштирок этишди.
Мазкур қабул қилинган қарорнинг асосий мақсади - инсон ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахслар, давлатнинг мол-мулкини ҳимоялаш, атроф муҳит, жониворлар ва ўсимликлар ҳаёти ёки соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек харидорлар ва истеъмолчиларни (фойдаланувчиларни) унинг вазифаси ва хавфсизлигига нисбатан адашишига олиб келувчи ҳаракатлардан огоҳлантириш мақсадида, ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигига лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилишда қўйиладиган ягона мажбурий талабларни белгилашдан иборатлиги тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларида фойдаланиш учун топшириладиган янги ишлаб чиқарилувчи (модернизация қилинувчи) ва тайёрланувчи ҳаракатдаги темир йўл таркиби (локомотивлар, моторвагонли ҳаракатдаги таркиб, юк ва йўловчи вагонлар, махсус ҳаракатдаги темир йўл таркиби) ва унинг таркибий қисмлари мазкур умумий техник регламентнинг объектлари ҳисобланади.
Мазкур умумий техник регламент талаблари ҳаракатланиш тезлиги 200 км/соатгача бўлган ҳаракатдаги темир йўл таркибидан фойдаланишда татбиқ этилиши билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-374-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат назоратини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 611-сон қарори мазмун-моҳияти, талаблари тушунтирилди. Ҳар иккала қарор замирида тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашмаслик, ҳар бир назорат ва профилактик тадбирларни шаффоф ўтказиш мақсадлари ётгани аниқ далиллар билан атрофлича очиб берилди.
Семинарда инспекцияда эълон қилинган ноябрь - коррупцияга қарши курашиш ойлиги давом этаётгани маълум қилинди. Инспекцияда жорий этилган “комплаенс назорат” тизими ва ушбу тизим ҳақида батафсил ахборот берилди. Коррупциоген ҳолатларга дуч келганда инспекция раҳбарияти ва масъул ходимга мурожаат қилиш турлари ва шакллари (сайт, телеграм канал, ижтимоий тармоқлар, махсус алоқа боти, ишонч телефонлари) ҳақида маълум қилинди.
Иштирокчилардан соҳага доир тушган саволларга инспекция ваколати доирасида тушунтириш берилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати