Давра суҳбатида қонунчилик ҳужжатлари тушунтирилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вазирлик ва идораларда ноябрь ойида “Коррупцияга қарши курашиш” ойлиги ўтказиш белгиланган бўлиб, инспекцияда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ходимлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий онги ва маданиятни юксалтириш мақсадида, ўқув семинарлари, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Навбатдаги тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.
Очиқ давра суҳбати тарзида ташкил этилган тадбирда инспекцияда йўлга қўйилган коррупцияга қарши курашиш “Коплаенс-назорат” тизими, соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш берилди. Мазкур қарорда белгиланган талаблар, «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ва мазкур тизимнинг ишлаши, афзалликлари ҳақида ахборот берилди.
Инспекция фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳам талай ишлар амалга оширилмоқда. Инспекция раҳбариятига мурожаат қилишнинг турли шакллари йўлга қўйилгани таъкидланди ва таништириб ўтилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий этилган “комплаенс назорат” тизими ва мазкур тизим тўғрисида батафсил тўхталиб, коррупцион ҳолатларга дуч келганда ёки бу борада маълумотга эга бўлганда мурожаат қилиш тартиби, алоқа каналлари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл таркиби хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори мазмун моҳияти билан таништириб ўтилди. Мазкур қарор инсон ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахслар, давлатнинг мол-мулкини ҳимоялаш, атроф муҳит, жониворлар ва ўсимликлар ҳаёти ёки соғлигини муҳофаза қилиш, шунингдек харидорлар ва истеъмолчиларни (фойдаланувчиларни) унинг вазифаси ва хавфсизлигига нисбатан адашишига олиб келувчи ҳаракатлардан огоҳлантириш мақсадида, ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигига лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилишда қўйиладиган ягона мажбурий талабларни белгилашдан иборат.
Шунингдек, йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг “Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида ахборот берилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди. Тарғибот тадбирлари инспекциянинг Қашқадарё филиалида давом эттирилади.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати