Норматив ҳужжатлар тизимлаштирилмоқда

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6218-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида инспекциянинг тегишли фармойиши билан инспекция фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ишларини амалга ошириш учун малакали мутахассислар таркибидан ишчи гуруҳ шакллантирилган.   

Мазкур ишчи гуруҳ томонидан инспекция фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ишлари инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланган “Ўзтемирйўлназорат”инспекциясининг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини бирлаштириш орқали тизимлаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича режа-график асосида олиб борилмоқда.

Бунда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонунчилик ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллашнинг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар изчил тартибда, лойиҳа молиявий харажатларни талаб қилганда молиявий-иқтисодий асослантиришларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Лойиҳаларда “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг ҳамда ҳудудий филиалларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлиқ хатловдан ўтказилиб, улар фаолиятининг асосий йўналишлари, ваколатлари, вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги, фаолият самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари), молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш ҳамда ҳисобдорлигини белгиловчи низомини тасдиқлаш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бугунги кунда ишлар режага мувофиқ изчил давом эттирилмоқда.

Жорий йил декабр ойида лойиҳа ишчи гуруҳ муҳокамасига тайёрланиб, муҳокамадан сўнг ҳужжат лойиҳаси Транспорт вазирлигининг тегишли бошқармалари томонидан кўриб чиқилиши учун тақдим этилади.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати