Жисмоний фаоллик ходимлар самарадорлигини оширади

“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ходимлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали жисмоний фаолликни такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш юзасидан “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Марказий поликлиникаси малакали шифокорлари Александра Архипова ҳамда Феруза Рузибаевалар олиб боришди.

Дунё миқёсида одамлар орасида қон босимининг ошиши, юрак-томир, нафас олиш органлари, диабет, саратон касалликлари кўпайгани, айниқса,  бу касалликлар ёшларда ҳам кўп учраётгани ачинарли ҳақиқат эканлиги, ушбу юқумли бўлмаган хасталиклар келиб чиқишининг сабаби техника ва технологияларнинг жадал ривожланишига ҳамоҳанг тарзда аҳоли турмуш тарзининг ўзгариши билан боғлиқлиги таъкидланди. Аксарият кишиларнинг ҳаракатланиши ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиши камайгани, юқумли бўлмаган касалликларнинг ривожланишига олиб келиши қайд этилди. Айниқса, бир жойда узоқ вақт давомида ўтириб ишлайдиган ходимлар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари зарурлиги билдирилди ва мутахассислар томонидан қуйидаги тавсиялар берилди:

 уйқудан тургандан сўнг кунни енгил бадантарбия машқлари билан бошлаш;

кун давомида ҳам бадантарбия машқларни билан ўтказиш;

наҳорда ичиладиган бир стакан тоза сувнинг қаҳва ёки қайноқ чойдан афзаллиги;

кун давомида кўпроқ юришга ҳаракат қилиш;

тоза ҳавода сайр қилишнинг инсон организмига ижобий таъсири;

врач тавсиясисиз даволовчи, оздирувчи дори-дармонлар истеъмол қилмаслик муҳимлиги ва ушбу тавсиялар ходимларнинг иш унумдорлигини ошириб, самарадорликка эришишлари тўғрисида атрофлича маълумот берди.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати