Ҳуқуқий билимлар кунида “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги Қонун талаблари тушунтирилди

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида ҳар ҳафта ўтказиладиган маънавият соатлари билан биргаликда ҳар ойнинг дастлабки жума кунида “Ҳуқуқий билимлар куни” ўтказилмоқда. Унда Республика ва соҳага оид қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти тушунтирилиши орқали ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий билимлари мустаҳкамланмоқда. Бугунги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Бобур Мирзо Исмоилов таклиф этилди. Марказий аппарат ва филиал ходимларига “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги Қонун мазмун-моҳияти тушунтирилди. Қонунда тўлиқ ишлаб кетиши учун ишлаб чиқилаётган қонуности ҳужжатлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.

Янги Қонунга биноан давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражалари берилади ва улар уч гуруҳ – сиёсий, бошқарув ва ёрдамчи гуруҳга бўлинади. Давлат фуқаролик хизматчиларига малака даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчисига давомийлиги йигирма етти календарь кунидан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади. Давлат фуқаролик хизматчисига кўп йиллик хизмати ва алоҳида меҳнат шароитлари учун йиллик қўшимча меҳнат таътиллари берилиши мумкин. Давлат фуқаролик хизмати лавозимининг тоифасига қараб қонунчиликда йиллик асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг бошқача давомийлиги белгиланиши мумкин. Давлат фуқаролик хизматчисига ижтимоий таътиллар бериш меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Кўп йиллик хизмати ва алоҳида меҳнат шароитлари учун йиллик қўшимча меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳамда уларнинг давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш ҳамда холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш учун унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар -  KPI асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади. Ушбу услубиёт ишлаб чиқилгани ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани таъкидланди.

“Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги Қонун 2022 йил 10 ноябрдан кучга киради. 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати