Аёлга саодат беринг
Бугунги кунда ташкилот, корхона ва муассасаларда ишлаётган хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида 124 та марказий муассасаларда ҳамда 18 751 та корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш, улар томонидан амалга оширилаётган ишларни муносиб баҳолаш ва эътироф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан бошланғич ташкилот раисларининг “Аёлга саодат беринг” номли ижтимоий роликлар танлови ташкил этилди. Белгиланган муддат ичида 54 та ташкилот ва идоралардан танлов учун ишланган ижтимоий роликлар йиғиб олинди.
Биргина шу танлов сабабли 500 нафар аёлларга ёрдам берилган, шулардан 18 нафари уй-жой билан таъминланган. 800 нафар ногиронлиги бор фарзандларга ёрдам кўрсатилган. 54 нафар қарияларнинг холидан хабар олинган. Меҳнат жамоаларидаги 5 млндан ортиқ аёллар билан тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Жумладан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида нафақат фаолияти, балки ҳаёт тарзи билан бошқаларга намуна бўлаётган инспекциянинг 15 нафар аёл ходимлари раҳбарият ва касаба уюшмаси томонидан муносиб тақдирланди. 2022-йил 22-март куни Самарқанд шаҳрига ташкил этилган саёҳатга ҳам инспекцияда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ва уларнинг оила аъзолари кенг жалб қилинди.
Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Олий мажлис Сенати эксперти Ойниса Мусурманова бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясига ташриф буюриб инспекциядаги гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгаш фаолияти билан яқиндан танишди.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши томонидан қабул қилинган қарорлар, белгиланган чора-тадбирлар дастури ва унинг ижроси ҳолати ўрганилди. Инспекцияда фаолият юритаётган 63 нафар ходимдан 16 нафари, яъни 25% ини аёллар ташкил этиши, шу жумладан, касаба уюшма қўмитаси раиси, иккита етакчи бўлим бошлиқларининг аёллар эканлиги ижобий баҳоланиб бу борадаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб ўтилди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар” оромгоҳида ташкил этилган спартакиадада инспекциянинг аёллари вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари билан биргаликда спортнинг стол тенниси, шахмат, шашка, волейбол, баскетбол, каби турларида ўзаро куч синашишди.
Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти томонидан инспекциядаги хотин-қизларни ижтимоий қўллаб қувватлаш ҳамда маданий ҳордиқ олишларини ташкил этиш бўйича инспекциянинг Касаба уюшмаси қўмитаси билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Хусусан, 2022-йилнинг ўтган даври мобайнида уч ёшга тўлмаган фарзанди бор бўлган бир нафар аёлга тўлиқсиз иш куни белгиланди, иккита ходимага узоқ муддат касал бўлиб даволанганлиги ва ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб моддий ёрдам кўрсатилди, соғлиқларини тиклаш учун “Чимён” санаториясига йўлланма берилди.
Бевосита танлов натижаларига тўхталадиган бўлсак, ижтимоий роликлар ўтказиш низомига мувофиқ 1 та олий ўрин, 1-2-3-ўринлар учун номзодлар ҳамда 10 нафар совриндорлар саралаб олинди. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги тизим ташкилотлари мазкур танловда муносиб иштирок этишди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати