Ижро интизомини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозим?

 

Давлат бошқаруви органларининг давлат ва ҳукумат ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги ўрни ниҳоятда муҳим. Ижро интизомини белгиланган муддатда, сифатли таъминлаш энг аввало халқимизнинг оғирини енгил қилиш билан бирга соҳа ва тармоқларнинг ривожига ҳар томонлама ижобий таъсир қилади. Айнан мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, ижро интизоми бўйича қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиликлардан яқиндан бохабар бўлиш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида икки кунлик семинар ташкил этилди. Инспекция марказий аппарати ва филиал ходимлари иштирок этган тадбирни Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Низомиддин Нормаматов олиб борди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ижро интизомини самарали ташкил этишда дастуриламал бўлди.

Ушбу ҳужжатлар қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишининг таъсирчан тизимини яратишда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ўрнини мустаҳкамлаш, унинг аҳамиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Семинарда “Ijro.gov.uz” тизимининг афзалликлари, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан “Ijro.gov.uz” тизимига белгиланган шаклдаги маълумотларни киритиш тартиби, бу борада Адлия органларига юклатилган вазифалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ҳужжатлар ижросини назорат қилувчи идоралар ва уларнинг ваколатлари ҳақида маълумот берилди. Топшириқ белгиланган муддатда бажарилгач, бир нечта босқичдан ўтиб, назоратдан ечилиши ёки камчиликларни бартараф этиш учун қайта масъул ижрочига юборилиши тушунтирилди.

Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ва амалиётда дуч келаётган кўплаб саволларига жавоб олишди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати