Тошкент филиалида амалга оширилган ишлар таҳлили

Ҳозирги кунда юртимизда транспорт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда, айниқса темир йўллар атрофидаги замонавий инфратузилма, халқаро андозадаги  сервис хизматлари, юртимизнинг кўркига-кўрк қўшиб турган кўркам темир йўл вокзаллар қад ростламоқда. Бу кенг кўламдаги  бунёдкорликлардан кўзланган асосий мақсад – йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш, халқаро талабларга мос сервис хизматларини кенгайтириш  ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдир.

Барчамизга маълумки, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади. Жумладан, темир йўл кесишмалари, автотранспорт воситалари ва пиёдалар темир йўлдан ўтишлари учун хавфсиз ва қулай бўлиши, доимо ишчи ҳолатда сақланиши назоратда бўлиши лозим.

Инспекциянинг Тошкент филиалида олиб борилган профилактик ишлар натижасида ўтган йилнинг 2-чорагига нисбатан бир қанча ютуқларга эришилди. Яъни, юқори тезликда ҳаракатланувчи участкаларда, темир йўл бекатларида ва ўзининг темир йўл шахобчаларига эга бўлган корхоналарда, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 2-чораги мобайнида 566 нафар ишчи ходимлар иштирокида 80 дан ортиқ профилактик ишлар, семинарлар ўтказилди. Шу жумладан, “Тошкент-Жиззах” юқори тезликда ҳаракатланувчи участкасида 18 та профилактик ишлари олиб борилган бўлиб, уларда жами 50 нафар ишчи ходимлар билим ва малакаларини мустаҳкамлаб олишди. Ўтказилган профилактика ишларда аниқланган 295 та камчиликлар барчаси бартараф этилди. Бундан ташқари темир йўл транспорти хавфсизлиги бузилиши ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 4 та ҳолатга камайишига эришилди, яъни ўтган йилининг 2-чорагида 5 та ҳолат қайд қилинган бўлса, 2022 йилнинг 2-чорагида 1 та ҳолатга йўл қўйилган. 

Филиал ҳудудига қарашли темир йўл кесишмаларида поездлар ва автотранспорт воситалари ўртасида ҳамда пиёдалар билан боғлиқ тўқнашув ҳолатлари кузатилмади.

Бундан ташқари “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Транспортдаги Ички ишлар идоралари ходимлари, вилоятлар ва туманлар ички ишлари нозирлари билан  биргаликда юқори тезлик темир йўл линияси атрофида яшовчи аҳоли пунктларида, ўқув муассасаларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда темир йўл инфратузилмаси моддий ресурсларини сақлаш, хавфсизлик талабларига риоя қилиш мавзусида суҳбатлар, тушунтириш ва профилактика ишлари  мунтазам ташкил этиб келинмоқда. 

Н.Т.Валиев

“Ўзтемирйўлназорат”  инспекцияси
 Тошкент филиали бошлиғи