Ҳамкорликдаги семинар самарали бўлди

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси ходимлари иштирокида Тошкент марказий вокзалида семинар ўтказилди. Тадбирда “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамиятининг Бош чипта кассирлари ва шу йўналишдаги масъуллар,  Тошкент марказий вокзал филиали раҳбарияти иштирок этишди. 

Йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2012 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 109-сон қарори мазмун-моҳияти, қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгартиришлар ҳақида маълумот берилди.

Мазкур Қоидалар ички темир йўл йўналишларида темир йўл транспортида йўловчилар, қўл юки, багаж ва юк багажини ташиш бўйича хизматлар кўрсатилишида ташувчи ва йўловчи, юк жўнатувчи ва юк қабул қилувчи ўртасида юзага келувчи муносабатларни тартибга солади. Чиптани расмийлаштириш шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида амалга оширилиши белгиланганлиги ва кассаларда чипта сотувчилар мазкур қоидаларга қатъий амал қилишлари лозимлиги билдирилди. 

Шунингдек, йўловчиларга чипта сотишда вояга етган (16 ёш) шахсларга имкон қадар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома асосида чипта сотмаслик, Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидасини бузган хорижий ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар мурожаат этганда  Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимларига зудлик билан хабар бериш ва Ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда фаолият юритиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати