Темир йўл хавфли ҳудуд
Бугунги кунда йўл қоидаларига амал қилмасликнинг аянчли оқибатлари ҳақида қанча кўп гапирилмасин, бундан ўзига етарли хулоса чиқармаётган фуқаролар ҳамон учраб турибди. Бу эса темир йўлларда ҳаракатдаги таркиб билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларни юзага келтирмоқда.
Тошкент минтақасида темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари томонидан транспорт иншоотларида жиноят ва хуқуқбузарликлар ҳамда турли кўринишдаги бахтсиз ҳодисаларни олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар режа асосида амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан, фуқароларимизни темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузишлари оқибатида турли кўринишдаги кўнгилсиз ҳолатларга содир бўлмоқда. Жумладан, жорий йил давомида транспорт иншоотларида хавфсизликни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида Тошкент вилоятининг Тошкент, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Юнусобод туманлари ҳудудидан кесиб ўтувчи темир йўлларда 525 нафар фуқаро темир йўлни белгиланмаган жойларини кесиб ўтганликлари қайд этилган. Қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 113-моддасининг 4-қисми (темир йўлни белгиланмаган жойини кесиб ўтиш) ҳамда 5 нафар фуқарога нисбатан 113-моддасининг 2-қисми (темир йўл яқинида чорва молларини боқиш) билан маъмурий баённомалар расмийлаштириб жарима жазоси белгиланган. Бундан ташқари 11 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 313-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома)га асосан уларни яшаш манзилларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига тақдимномалар киритилди. Охирги вақтларда фуқароларимизни била туриб темир йўлни белгиланмаган жойларидан ҳаракатланишлари ёки кесиб ўтишлари оқибатида турли кўринишдаги фожиавий ҳолатлар юзага келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 3 январь куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро Н.А. темир йўл излари атрофида қулоғига қулоқчин тақиб мусиқа тинглаб, чорва молларини боқиб юрган вақтида йўналишда бўлган юк поезди уриб юборган. Фуқаро олган тан жароҳати билан воқеа жойида вафот этган.
-2022 йил 27 февраль куни Чирчиқ шаҳридаги “Боз-су” темир бекатида 2009 йилда туғилган мактаб ўқувчиси А.Х. турган юк вагони устига чиққан вақтида вагон устидан ўтган электр тармоғидаги 27.000 (йигирма етти минг) вольт кучланишдаги электр токи урган. Вояга етмаган бола танасининг 80% электр токи ёйи алангасидан термик куйиш ташхиси билан оғир аҳволда Чирчиқ шахар Тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Худди шу куни “Ҳамза-Яланғоч” темир йўл бекатлари оралиғида фуқаро Р.Р. маст ҳолатда темир йўлни белгиланмаган жойида ўтирган вақтида ҳаракатдаги 8801-сонли юк поезди уриб юборган. Фуқаро олган тан жароҳати натижасида воқеа жойида вафот этган.
- Жорий йил 4 март санасида “Салар” темир йўл бекатида мактаб ўқувчиси М.Д турган юк вагон устига чиққан вақтида вагон устидан ўтган электр тармоғидаги 27.000 (йигирма етти минг) вольт кучланишдаги электр токи урган, ҳолат фожиали якун топган.
Бундан кўриниб турибдики йўл қоидаларига амал қилмаслик, шошма-шошарликка йўл қўйиш ёки била туриб қоидаларни қўпол равишда бузиш инсонни фалокатга етаклаб турли кўринишдаги салбий ҳолатларни юзага келтириши тайин.
Биз Тошкент минтақасидаги темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари фуқароларимизни темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Тошкент минтақасидаги темир йўл траспортида
ХТБ “Келес” бекатидаги бўлинма ҳуқуқбузарликлар
профилактикаси бўлими катта инспектори, майор
С.Х.Нурмахамедов